Жамият - 21:01 · 11.06.2022

Бугун оқшоми. Баҳодир Жалоловнинг нокаутли ғалабаси, 9-қаватдан тушиб кетган 1,5 ёшли қиз, Telegram’нинг пулли версияси

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Яхши хабар билан бошлаймиз, кунни тугатамиз: Баҳодир Жалолов профессионал боксдаги 11-жангида ҳам нокаут эвазига ғалаба қозонди.

Олимпияда чемпиони Баҳодир Жалолов профессионал боксдаги 11-жангини 11 июнь тонгида ўтказди. 8 раундга мўлжалланган баҳснинг сўнгги раундида Жалолов ўз рақибини нoкаутга учратди. Ажойиб бахснинг энг муҳим палласини — Жалоловнинг нокаутини қуйидаги видеода кўришингиз мумкин.

Маълумот учун, Баҳодир Жалолов профессионал боксдаги 11 та жангининг барчасида нокаут эвазига ғалаба қозонган. Бардавом бўлсин!

Конституциявий ўзгаришлар: Ўзбекистонда атмосфера ҳавосини ҳам умуммиллий бойликлар қаторига киритиш таклиф қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилишида қатнашган «Bugun.uz» мухбирининг хабар беришича, 9 июнга қадар келиб тушган янги таклифлар орасида Ўзбекистонда атмосфера ҳавосини ҳам умуммиллий бойликлар қаторига киритиш таклифи бўлган.

Конституциянинг 55-моддасига кўра, ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Комиссиянинг йиғма ахборот гуруҳи раҳбари Мирафзал Мироқилов улар қаторига атмосфера ҳавосини ҳам киритишни, бу дунё давлатларида борлиги ҳақида таклифлар келганини таъкидлади.

Яхши таклиф. Балки бунинг қаторига ҳар бир вилоятда миллионлаб экилаётган (аммо уларнинг парваришига унчалигам эътибор берилмаётган), баъзиларининг тагигача бетонлаб кетилаётган дарахтларни ҳам қўшармиз?!

Эҳтиётсизлик ва эътиборсизлик оқибати: Самарқандда 1,5 ёшли қиз 10-қаватдан тушиб кетиб, ҳалок бўлди.

Фото: «Bugun.uz» / Иллюстратив

Самарқанд шаҳрида 9 июнь куни соат 18:00 атрофида Қорасув маскани 81-уйда жойлашган 28-хонадонда 1,5 ёшли қиз (уйдагиларининг эътиборсизлиги ва) эҳтиётсизлиги оқибатида 10-қаватдан тушиб кетди. Қизалоқ балконнинг темир панжарасидан пастга тушиб кетиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.

Марҳума қизалоққа танасидаги тан жароҳатлари ва ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинлаш қарори чиқарилган. Аммо унинг оила аъзолари ушбу ҳолат юзасидан даъво шикояти йўқлиги сабаб экспертиза текшируви ўтказишни рад этган. Ушбу ҳолат холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб, боланинг танаси оила аъзолари ихтиёрига қолдирилган. Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу — шунчаки даҳшат. Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингизга эътиборлироқ бўлинг, уларни қаровсиз қолдирманг.

«Ёшлар бахтли бўлсин»: май ойида 2893 нафар 50 ва ундан катта ёшдагилар турмуш қурган (бир-бири билан эмас).

Фото: «Bugun.uz»

Давлат статистика қўмитасига кўра, Ўзбекистонда май ойи 50 ва ундан катта ёшда оила қурганлар сони 2893 нафарни ташкил қилган. Уларнинг 582 нафари аёл, 2311 нафари эса эркаклардир. Бундан келиб чиқадики, 50 ёшдан ўтган эркаклар ўзидан 50 ёшдан кичик бўлган аёлларга ҳам уйланган. Нима ҳам деймиз, ёшлар бахтли бўлсин!

Ангор тумани мактабгача таълим бўлими 1,3 млрд сўмлик лойиҳани корхонага тендерсиз топширгани тасдиқланди. Аввалроқ «Bugun.uz» тендер бўйича мақола эълон қилганди.

Сурхондарё вилояти Ангор тумани мактабгача таълим бўлими 1,3 миллиард сўмлик лойиҳани корхонага тендерсиз топширгани ҳақида хабар берилганди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати «Bugun.uz» ўтказган ушбу ўрганиш бўйича муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, ўрганишлар давомида мазкур давлат харидида қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган. Хусусан, Ангор туман мактабгача таълим бўлими билан 2022 йил 27 январда тузилган шартнома ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан тарафлар томонидан имзоланган ва орадан 4 ой ўтгач, ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.

Бундан ташқари, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 71-моддасига кўра, давлат буюртмачилари тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни шартнома тузилган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида махсус ахборот порталига жойлаштириши шарт.

Агентликка кўра, Ангор тумани мактабгача таълим бўлими томонидан 2022 йил 27 январь куни тузилган 7-сонли шартнома махсус электрон ахборот порталига 113 кунга кечиктириб жойлаштирилган. Мазкур ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилган.

Хўш, оламда нима гап?

Александр Лукашенко Европага уруш билан таҳдид қилди.

Европа Россияга қарши «фронтни тенглаштириш» учун Украинанинг қўшни қисмини эгаллаб олмоқчи. Беларусь президенти Александр Лукашенко шу сабабли «Ғарбий Украина учун курашиш» кераклигини айтди.

Фото: Беларусь президенти матбуот хизмати

Лукашенконинг сўзларига кўра, коллектив Ғарб Смоленскдан Псковгача ёки Смоленскдан Курск ва Ростовгача Брянск орқали ўтадиган «фронтни текислаш»га интилмоқда. Бироқ бу режага Беларусь ҳудуди тўсқинлик қилмоқда. Давлат раҳбари бу муаммони ҳал қилиш учун Ғарб давлатлари Минскка Ғарбий Украинадан ҳужум уюштириши мумкинлигини айтган.

«Эҳтимол, Ғарбий Украина учун уришиш керак бўлади. Чунки бу нафақат украиналиклар учун, балки биз учун ҳам ўлим билан тенгдир. Атрофда даҳшатли жараёнлар кузатилмоқда», — дейди Лукашенко.

Telegram асосчиси Павел Дуров мессенжернинг Premium пулли обуна версияси июнь ойида чиқишини маълум қилди.

Қайд этилишича, обуна қўшимча функциялар, тезлик ва ресурсларга эга бўлиш имконини беради. Унинг ёрдами билан фойдаланувчилар Telegram’ни қўллаб-қувватлаши ва янги функцияларни биринчи бўлиб оладиган ҳамжамиятга қўшилиши мумкин. Қолган Telegram функциялари бепуллигича қолади.

Фото: «The Guardian»

Бундан ташқари, барча платформа фойдаланучилари учун янги воситалар ишга тушади. Оддий фойдаланучилар Premium версиядаги айрим функцияларни кўриши мумкин бўлади. Пулли обунаси бўлган фойдаланувчилар томонидан тақдим этилган йирик ҳужжатлар, медиа ва стикерлар шулар жумласидандир.

Дуровнинг сўзларига кўра, реклама контентини интеграциялаш бўйича тажриба муваффақиятли чиққанига қарамай, Telegram асосан фойдаланувчилар томонидан молиялаштирилиши керак. Шу сабабли мессенжернинг асосий устуворлиги реклама берувчилар эмас, фойдаланувчилар ҳисобланади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE