Жаҳон - 0:57 · 11.06.2022

Эрон ядро объектларидаги халқаро кузатув камераларини олиб ташлади

Халқаро атом энергияси агентлиги Эрон ўзининг ядровий иншоотларидан 27 та камера ва бошқа кузатув мосламаларини олиб ташлаганини маълум қилди. Бу ҳақда «Aljazeera» хабар берди.

Фото: «Business Insider»

Агентлик раҳбари Рафаэль Гроссига кўра, йигирмадан ортиқ кузатув мосламаларининг олиб ташланиши 2015 йилги ядровий келишувни қайта тиклаш учун «хавфли зарба» бўлиши мумкин. У бу қадам агентликнинг ядро объектлари кузатувини йўқотишини англатмаслигини таъкидлаган, аммо бу жараён яқин эканини айтган. Гросси Теҳронни ҳамкорликка таклиф қилиб, юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш учун мулоқотда шахсан иштирок этишга тайёрлигини билдирган.

2015 йилдаги келишув Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқаришини олдини олишга қаратилган. Агентликнинг бу баёноти Эрон билан ядровий дастури бўйича кескинлик фонида янграмоқда, чунки Теҳрон уранни ядровий келишувда кўрсатилган чегарадан ҳам бойитишга ҳаракат қилган.

Халқаро атом энергияси агентлиги бошқаруви раҳбари Эронни мамлакатдаги учта декларация қилинмаган жойда топилган техноген ядровий материаллар ҳақида «ишончли маълумот» бермагани учун қоралаган. Резолюцияни 30 давлат қўллаб-қувватлаган, фақат Хитой ва Россия бунга қарши чиққан. Эрон, ўз навбатида, Халқаро атом энергияси резолюциясини танқид қилиб, уни «шошилинч» ва «мувозанатсиз» деб атаган.

Эрон ядровий дастури бўйича қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси 2015 йилда Хитой, Франция, Германия, Россия, Буюк Британия, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Эроннинг ўзи иштирокидаги узоқ давом этган музокаралар натижасида қабул қилинган. Бироқ, 2018 йил май ойида АҚШнинг аввалги маъмурияти келишувдан чиқишини эълон қилган. 2021 йилнинг ноябрида Венада Эроннинг ядровий дастури ва тикланиши бўйича қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси бўйича музокаралар бошланганди.

Аввалроқ Эрон ядровий келишувни тиклаш шартларини эълон қилганди. Шунингдек, Россия АҚШни Эрон билан қарама-қаршилик таъсири борасида огоҳлантирганди.

Bugun — LIVE