Интервьюлар - 17:28 · 11.06.2022

«Ҳамма плагиат деб гапиряпти, ҳакамлар ичида эса Интеллектуал мулк агентлиги вакиллари бор» — Темур Саъдий

Дизайнер, «Ma’no Branding» компанияси асосчиларидан бири Темур Саъдий cўм рамзи бўйича танлов ҳакамлари ҳақида гапирди. Мутахассис бу бўйича «Bugun.uz» нашрига берган интервьюсида ўз фикрини билдириб ўтган.

Кадр: YouTube / «Bugun.uz»

Темур Саъдий танлов ҳақида гапирар экан, Интеллектуал мулк агентлиги вакиллари ҳакамлар сафида қандай вазифа бажаргани бўйича савол билан мурожаат қилган.

«Бадиий академия бўладими, институт бўладими, бу ташкилотлардан ким келган? Ўқитувчилар келганми, ректор келганми? Аниқ номлар керак. Чунки шунга қараб бу одам профессионал ёки йўқлигини дарров тушунса бўлади.

Масалан, ҳозир интернетга қарасангиз, ҳамма бу плагиат деб гапиряпти. Ҳакамлар таркибига қарасангиз, у ерда Интеллектуал мулк агентлиги вакиллари бор. Улар қандай вазифани бажарган? Бу бўйича тушунтириш берилмаган.

Асосий муаммо ҳам шунда. Агар барча нарса шаффоф тарзда ўтказилиб, ким нима иш бажаргани, қандай йўналишда қандай баҳолар қўйгани очиқ кўрсатилганда, бунақа кескин муносабат ҳам бўлмас эди», — деган дизайнер.

Суҳбатни қуйидаги ҳавола орқали тўлиқ томоша қилиш мумкин.

Аввалроқ Марказий банк миллий валюта — сўм рамзини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танлов натижаларини эълон қилганди. Шунингдек, Марказий банкнинг ушбу ахборотидан сўнг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва кўп ўқувчили блогерлар томонидан муносабат билдирилган ва «Bugun.uz» уларни бир жойга тўплаганди.

Bugun — LIVE