Жамият - 21:22 · 11.06.2022

Конституция ислоҳоти учун энг кўп юборилаётган таклифлар мавзуси маълум қилинди

Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан энг кўп таклифлар инсон ҳуқуқлари, суд ҳокимияти ва бошқаларга оид масалалар юзасидан юборилмоқда. Бу ҳақда Конституциявий комиссия матбуот хизмати брифингида маълум қилинди.

Фото: Халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Қайд этилишича, 11 июнь ҳолатига кўра жами 20 148 та таклиф келиб тушган. Уларнинг аксарияти meningkonstitutsiyam.uz платформаси орқали қабул қилинган. Таклифларнинг 11 306 таси эркаклар, 6422 таси эса аёллар томонидан юборилган (2420 таси аноним). Таклифларнинг 70 фоизидан ортиғи 30 ёшгача бўлган ёшлардан келиб тушган.

Шунингдек, энг кўп таклифлар Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларидан келиб тушмоқда.

Улар олимлар, мутахассислар иштирокида кенг муҳокама қилиниб, норма ҳолатига келтирилган. Уларнинг аксарияти инсон ҳуқуқлари, мазкур ҳуқуқларнинг кафолатлари, оила институти, суд ҳокимияти ва бошқаларга оид масалалардир. Таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан 24 соат давомида фуқаролар таклифлари қабул қилинмоқда.

Конституциявий ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, сиёсий партиялар, маҳаллалар ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг фаоллиги яққол сезилмоқда.

Аввалроқ сенатор Конституцияда оиланинг фақат эркак ва аёлдан иборат уюшма сифатида белгиланишига қарши чиққани хабар қилинганди. Шунингдек, Конституцияда ўлим жазосини тиклаш таклиф этилган.

Bugun — LIVE