Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари тугатилиши ҳақида хабар тарқалди
Адлия вазирлиги ҳолатга аниқлик киритди
Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими ижтимоий тармоқларда ФҲДЁ органлари тугатилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Билдирилишича, ҳозирги кунда Никоҳ уйларини қайта ташкил этиб, уларни ФҲДЁ бўлимларига айлантириш режалаштирилмоқда. Амалдаги тартибга кўра, Никоҳ уйлари фақат никоҳни расмийлаштиради. ФҲДЁ бўлимлари томонидан эса 4 та (туғилиш, никоҳ, ажрим ва ўлим) турдаги ҳаракатлар амалга оширилади.
Вазирликка кўра, Никоҳ уйлари мустақилликнинг илк йилларида барча ФҲДЁ органларида етарлича шароит бўлмаган, бинолар билан боғлиқ муаммолар фонида аҳолининг никоҳни тантанали қайд этилишига бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун айрим ҳудудларда ташкил этилган.
Ҳозирги кунда ФҲДЁ органларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиши туфайли барча органларида никоҳни тантанали қайд этиш учун алоҳида хоналар ва шароитлар яратилган. Шундан келиб чиқиб, Никоҳ уйларини сақлаб туришнинг зарурияти қолмагани сабабли уларни қайта ташкил этиб, ФҲДЁ бўлимларига айлантириш режалаштирилган.
«Бундан кўзланган мақсад адлия органлари фаолиятини оптималлаштириш, ходимларга келаётган иш юкламасини тўғри тақсимлаш, бинолардан унумли фойдаланишдир», дейилган муносабатда.
Аввалроқ Ўзбекистонда ФҲДЁда «метрика» беришда пул ундирилмаслиги маълум қилинганди. Шунингдек, ФҲДЁ бўлими мудири қариндошларининг никоҳини қайд этиши мумкин ёки йўқлигига аниқлик киритилган.