Жаҳон - 0:53 · 11.06.2022

«Қозоғистоннинг бойлиги айрим шахсларга эмас, бутун халққа тегишли» — Тўқаев

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев иқтисодий ресурсларнинг ноқонуний концентрациясига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия йиғилишини ўтказди. Унда президент давлат бойлиги ҳалққа тегишли эканини айтди.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Тўқаев халқ референдумида Конституцияга киритилган ўзгартиришларни қабул қилгани ва улар кучга кирганини таъкидлаган. Шундай қилиб, фуқаролар янги, адолатли Қозоғистон қурилишини қўллаб-қувватлаганини айтган.

«Референдум кенг кўламли ўзгаришларни давом эттириш учун имкониятлар очди. Бир халқ ишончини, умидини оқлашимиз керак. Ҳамма учун тенг имкониятларга эга жамият қуриш зарур. Давлатимиз бойлиги айрим шахсларга эмас, балки бутун халққа тегишлидир. Шундай экан, бутун аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш бизнинг устувор вазифамиздир», — деган президент.

У янги Қозоғистонда даромадларни адолатли тақсимлаш ва фуқароларнинг турмуш даражасини оширишдан иборат бўлиши кераклигини айтган. Тўқаев чет элга ноқонуний олиб чиқилган маблағларни мамлакатга қайтариш бўйича комиссия тузилганини таъкидлаган.

«Биз ўз олдимизга аниқ мақсадларни қўйганмиз. Ноқонуний олиб қўйилган мулкларни қайтариш ва адолатни тиклаш. Энг муҳими, бу ишни тўғри ташкил этиш. Комиссия аъзолари бу муҳим миссияни шараф билан бажаришига ишонаман. Президент маъмурияти назоратда буни сақлаб қолади», — деган давлат раҳбари.

Аввалроқ Тўқаев Қозоғистонда бошқарув шаклини ўзгартиришни таклиф қилганди. Шунингдек, у Қозоғистон ва Ўзбекистон олигархларини солиштирганди.

Bugun — LIVE