Трамвайлар нима учун керак? Уларнинг афзаллиги нимада?

Дунёда кўплаб жамоат транспортлари бор ва уларнинг ҳар бирида ўзига яраша устунлик ҳамда камчиликлар кузатилади. Масалан, поездлар кўп одамларни узоқ масофаларга тез ташийдиган бўлса-да, автобуслар камроқ одамни қисқароқ масофада ташиш учун қулай. Трамвайлар эса қисқа йўлга кўп одамларни ташишда энг оптимал вариант бўла олади. Қуйида трамвай бошқа транспорт турларидан нимаси билан фарқланиши ҳақида гаплашамиз.

Фото: Яндекс

Аслида, трамвайдан ҳам қулай жамоат транспорти мавжуд ва бу метро дейиш мумкин. Лекин трамвайдан фарқли равишда метро линиялари қуриш қиммат ва узоқ вақт талаб қиладиган жараён. Трамвайлар поездларга қараганда мослашувчанроқ, чунки улар тез-тез тўхтайди, кўплаб кўчаларга кира олади. Автобусга қараганда эса тезкор ва хавфсизроқ ҳисобланади.

Бутун дунё бўйлаб ХХ аср сўнгида мавжуд трамвай йўлларини демонтаж қилиш ва барча йўлларни автомобиллар учун мослаштириш тенденцияси кузатилди. ХХI асрга келиб эса ҳукумат раҳбарлари бу қандай аҳмоқона қарор бўлганини, автомобиллар учун қанча йўл қурилса ҳам, келажакда ҳаммада автомобиль бўладиган шаҳар ёмон шаҳар бўлишини, бундай тирбандликни ҳеч қанақасига бартараф этиб бўлмаслигини тушунди. Шу сабабдан жамоат транспортига эътибор қайта кучайди. Трамвайлар эса яна катта шаҳарларга қайтди.

Трамвайлар қулай транспорт тури бўлиб, улар одамларни машиналарини тарк этишга ундайди.

Статистик маълумотларга кўра, Буюк Британияда йилига камида 22 миллион марта одамлар трамвайлар туфайли автомобиль саёҳатидан воз кечар экан. Шунингдек, дам олиш кунларида трамвай йўловчиларининг ярми автомобилда саёҳат қилади. Бу шуни англатадики, мазкур мамлакатда кўплаб одамлар шахсий машинасига эга бўлганига қарамай, ҳафта давомида трамвайдан фойдаланади. Трамвайлар одамларга автомобилга нисбатан тез, ишончли ва сифатли муқобиллик тақдим этиш орқали шаҳар марказларида тирбандликни камайтиради. Улар «пробка»ларни 14 фоизгача камайтириши мумкинлиги исботланган.

Шунингдек, трамвай иқлим ўзгариши билан курашишда ёрдам бериши мумкин. Маълумотларга кўра, автомобилда юриш трамвайга қараганда уч баробар кўпроқ CО2 атмосферага чиқарилишига сабаб бўлади. Трамвайлар шаҳарларни янада чиройли қилибгина қолмай, ҳаво сифатини яхшилайди, чунки улар электр энергияси билан ишлайди ва фойдаланиш жойида атроф-муҳитни ифлослантирмайди, шунингдек, улар шовқинсиз ва хавфсиз.

Фото: «Transphoto»

Иқтисодий ва молиявий фойдалари

Трамвайлар шаҳар қиёфасини яхшилайди ва иқтисодиётнинг тикланишига ҳисса қўшади. Қандай қилиб дейсизми? Ҳозир тушунтираман.

Янги трамвай бу ҳудудга келажакка инвестиция қилинаётганини кўрсатишнинг жуда самарали усули ҳисобланади. Ҳудудга бизнес ва сайёҳларни жалб қилишда, шунингдек, инвестициялар ҳажмини оширишда ёрдам бериши мумкин.

Масалан, кўпчилигимиз Тошкентда метро станциялари жойлашган ҳудудларда бинолар ижараси қимматлигини, у ерга инвестиция киритишга хоҳиш нисбатан баландлигини яхши биламиз. Сабаби, метро бу ҳудуд узоқ муддатли истиқболда марказий жойлардан бири бўлишини англатади. Трамвай билан ҳам худди шундай. Фақат уларнинг яхши томони, метродан арзонроқ ва тезда ишга тушириш мумкин. Автобуслар эса бу функцияни бажара олмайди. Сабаби, барчамиз яхши билганимиздек, автобус йўналишлари исталган вақтда кимнингдир истаги билан шунчаки йўқолиб кетиши мумкин. Трамвай ва метро эса ундай эмас. Улар рельсларда ҳаракатланади.

Фото: «пк-тс.рф»

Ҳозирги кунда ривожланган давлатлар оддийгина трамвайларни тирбандликни ва атмосферага чиқаётган чиқиндиларни камайтириш воситаси сифатида кўрмоқда.

Масалан, трамвай Португалия пойтахти Лиссабоннинг рамзи ҳисобланади. У ўтган асрнинг бошидан дарак берадиган ва яна урф бўлаётган барқарор транспорт тури саналади. «Рельслар устида ҳаракатланадиган автобус» бензин ёки газ сарфламайди, шиналари едирилиб, атроф-муҳитни ифлослантирмайди.

Трамвайларнинг яна бир афзаллигини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак: улар шовқинсиз ва тебранишларсиз ҳаракатланади. Ҳатто бу транспортнинг баъзи замонавий моделлари шундай ишлайдики, сиз уларнинг яқинлашганини пайқамай қолишингиз мумкин. Финляндияда шу муаммони бартараф этиш учун пиёдалар ўтиш жойларига махсус сигнал берувчи мосламалар ўрнатилган.

Дунёдаги энг замонавий трамвай тизимларидан бири бу Исроилда жойлашган. Қуддуснинг трамвай тизими шаҳардаги энг кўп одам ҳаракатланадиган кўчаларни бирлаштирган.

Аҳолининг барча қатлами бу транспортдан осон фойдаланади. Масалан, метрога ёки автобусга имконияти чекланганлар чиқишини тасаввур қилинг. Улар учун бу жараён анча қийин. Лекин деярли ер юзасида ҳаракатланадиган трамвайга чиқиш жуда қулай.

Келинг, жамоат транспортларининг афзаллик ва камчиликларини осон бўлиши учун битта жадвалда тушунтираман. Қуйида автобус, метро ва трамвайнинг асосий сифатлари бўйича бир-биридан фарқини кўришингиз мумкин:

Инфографика: «Bugun.uz»

Таклиф

Трамвайларнинг афзаллига ҳақида гапиришдан асосий мақсад Ўзбекистонда ҳам бу транспортнинг кенг фойдаланилишига бўлган хоҳиш ҳисобланади. Аҳоли учун қулай транспорт тизимини яратишда дунё тажрибасида синалган усул бор: автомобиллар ҳаракатланмайдиган кўчаларни барпо этиш. Автомобиллар йўқ жойларда эса қулай жамоат транспортлари бўлиши керак.

Тасаввур қилинг, шаҳарнинг энг тирбанд, одамлар энг гавжум кўчасига машиналар кириши тақиқланди. У ерда фақат трамвайлар ва автобуслар юрибди. Аҳмоқона эшитилади-а? Лекин танқид қилишга шошманг. Бундай кўчалар қурилишидан олдин деярли барча давлатларда норозиликлар янграган. Одамлар шаҳар маъмуриятини судга берган. Лекин тизим ишга тушгандан сўнг бунинг қанчалик фойдали эканини ҳамма тушунган. Бизда ҳам қачондир шундай кўчалар пайдо бўлади. Биз фақат шу нарсанинг тезроқ амалга ошишини истаймиз.

Яна бир нарса: Тошкентга яқин келажакда трамвай қайтарилиши режалаштирилмоқда. Биз бундан ҳурсандмиз. Фақат мазкур қайтиш яхши ижро этилиши жуда муҳим.

Нотўғри тузилган йўналишлар трамвай тизими самарадорлигини йўққа чиқариши мумкин. Шу сабабли уларни қайтаришда аниқ ва пухта ўйланган йўналишлар тузишга аҳамият бериш керак. Қисқа қилиб айтганда, нафақат трамвай, балки исталган жамоат транспорти одамлар қаерга кўпроқ қатнаса, ўша томонга ҳаракатланиши керак. Акс ҳолда, бу тизим самара бермайди.

Баҳодир Абдуллаев тайёрлади

Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати узайтирилади
Жаҳон13:14 | 13.8.22
Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати узайтирилади
Ўзбекистонда 6 ойда қанча хорижлик никоҳдан ўтгани маълум бўлди
Жамият12:51 | 13.8.22
Ўзбекистонда 6 ойда қанча хорижлик никоҳдан ўтгани маълум бўлди
ДХХ ўзини ДТМ ходими дея таништириб, ўқишни кўчириб бериш учун 3 минг доллар олган йигитни ушлади
Жамият12:04 | 13.8.22
ДХХ ўзини ДТМ ходими дея таништириб, ўқишни кўчириб бериш учун 3 минг доллар олган йигитни ушлади
Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилди — фото
Жаҳон11:27 | 13.8.22
Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилди — фото
Facebook ва Instagram фойдаланувчиларни кузатиши маълум қилинди
Жаҳон11:13 | 13.8.22
Facebook ва Instagram фойдаланувчиларни кузатиши маълум қилинди
Ўзбекистон мобил алоқа абонентлари сони маълум қилинди
Жамият11:10 | 13.8.22
Ўзбекистон мобил алоқа абонентлари сони маълум қилинди