Жаҳон - 16:48 · 11.06.2022

Украина воқеалари яна қайси мамлакатларда кузатилиши мумкинлиги прогноз қилинди

Япония мудофаа вазири Нобуо Киси Украинада содир бўлаётган воқеалар Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги мамлакатларда кузатилиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда «Japan Times» хабар берди.

Фото: «The Washington Post»

Вазирнинг сўзларига кўра, Япония ҳукумати яқин келажакда мамлакат мудофаа қобилиятини сезиларли даражада оширмоқчи. «Украинада содир бўлган воқеага ўхшаш босқиннинг Ҳинд-Тинч океани минтақасида содир бўлиши мумкинлигидан хавотир халқаро миқёсда тарқалган», — деган у.

Сиёсатчи Хитой ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни ҳам танқид қилган. «Бу икки ҳарбий кучларнинг биргаликдаги ҳарбий ҳаракатлари, шубҳасиз, бошқа мамлакатларнинг хавотирларини оширади», — деган Япония мудофаа вазири.

Ўз навбатида, Пентагон раҳбари Ллойд Остин Ҳинд-Тинч океани минтақаси АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти учун стратегик устувор йўналиш эканини таъкидлаган.

Маълумот учун, ушбу минтақа мамлакатларига АҚШ, Япония, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Австралия, Индонезия, Таиланд, Сингапур, Малайзия, Филиппин, Вьетнам, Янги Зеландия ва Бруней киради.

Аввалроқ Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишини хоҳламаётган давлатлар маълум бўлганди. Шунингдек, Украинага дўст бўлган мамлакатлар рейтинги эълон қилинган.

Bugun — LIVE