Бухоро, Жамият - 12:07 · 12.06.2022

Бухоро шаҳри аҳолиси ичимлик суви таъминотидан узилиб қолди

Бухоро шаҳри аҳолиси 11 июнь куни ичимлик суви таъминотидан вақтинча узилиб қолди. «Ўзсувтаъминот» ахборот хизмати бунинг сабабини маълум қилди.

Фото: «Ўзсувтаъминот» ахборот хизмати

Таъкидланишича, Пиридастгир кўчасидан ўтувчи марказий ичимлик суви қувурида носозлик юзага келгани туфайли шаҳар аҳолисининг ичимлик суви таъминоти вақтинча тўхтатилган. Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов таъмирлаш ишлари олиб борилаётган жойга бориб, жараён билан шахсан танишган.

Айни пайтда таъмирлаш ишлари давом этмоқда, шиша толали ҳобусни диаметри 700 мм бўлган пўлат қувурга алмаштириш режалаштирилган. Ишларни жадаллаштириш, шаҳарда сув таъминотини тиклаш бўйича мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилган.

Шаҳар ҳокимлигининг хабар беришича, диаметри 600 миллиметрли марказий ичимлик сув қувурида носозлик (авария ҳолати) содир бўлган. Айни пайтда юзага келган носозликни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 7 июнь куни Самарқанд вилоятининг айрим шаҳар ва туманлари табиий қурғоқчилик сабабли ичимлик суви таъминотидан узилганди.

Bugun — LIVE