Ҳафталик дайжест. Қамоқда ўтириб қарорлар «имзолаган» Андижон шаҳри ҳокими, «тошбўрон» остида ўтган Ўзбекистон–Ироқ учрашуви, «замдекан» ишининг якуни

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Ҳафталик дайжестни ҳафтанинг охирги кунида содир бўлган воқелик билан бошлаймиз: Деярли бутун ўйинни 10 киши бўлиб ўтказган Ўзбекистон ОТЖ «тош ёмғири» остида Ироқни мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди.

Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси

Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати доирасида Ўзбекистон ва Ироқ Олимпия терма жамоалари ўртасидаги чорак финал баҳси 11 июнь, шанба куни «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтди. Пенальтилар сериясида Кападзе шогирдлари ғалаба қозонди.

Учрашувнинг 12 дақиқасида Ўзбекистон ОТЖ дарвозабони Абдувоҳид Неъматов рақиб футболчининг юзига тирсаги билан уриб, қизил карточка билан майдонни тарк этди. Ўзбекистон дарвозаси томон пенальти белгиланди ва ироқликлар бундан унумли фойдаланди.

Неъматовнинг қизил карточкаси VAR орқали аниқланди. Унгача стадионга келган муҳлислар майдонга қарата тош ва бошқа буюмларни улоқтира бошлади. Натижада бир нафар маҳаллий фотомухбир ва бир нафар хорижлик оператор жароҳатланди. Муҳлислар отган тош мухбирнинг кўкрак қафасига теккан ва у бунинг оқибатида хушини йўқотган. Сўнг шифокорлар биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатди ва фотомухбир Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига жўнатилди. Ҳолатни ОФК вакиллари ўз назоратига олди.

Фото: «Championat.asia»

Ўйиннинг биринчи бўлими катта босим остида ўтди. Учрашувнинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланди ва экстра таймларда ҳам ҳисоб ўзгармади. Пенальтилар сериасида Ўзбекистон ОТЖ ироқлик тенгқурлари устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ҳақиқий трагедия! Муҳлислик маданияти борасида кўп тортишиш мумкин, аммо халқаро даражадаги мусобақада (умуман, ҳеч қайси мусобақада) бу даражада «қўполлашиш» ҳеч ҳам оқлаб бўлмайдиган ҳолат. Аммо, ирода кўрсатолган йигитларга раҳмат! Бардавом бўлсин!

Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси

Маълумот учун, Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг ярим финалдаги рақиби бугун, 12 июнь куни соат 21:00 да старт оладиган Жанубий Корея ва Япония ОТЖлари ўртасидаги баҳсда аниқланади.

Ислом Каримовнинг ёрдамчиси, Президент қабулхонаси раҳбари Георгий Крайнов 90 ёшида вафот этди.

Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов қабулхонасига раҳбар бўлган Георгий Алексеевич Крайнов 4 июнь куни 90 ёшида вафот этди. У Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси, Президент қабулхонаси бош маслаҳатчиси лавозимларида фаолият юритган.

Фото: Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси

Крайнов 2018 йилдан ҳозиргача Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида етакчи илмий ходим бўлиб ишлаган. Марҳум «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати» ордени, ва «Содиқ хизматлари учун» медаллари билан тақдирланган.

Ўзбекистонга кириш учун энди ПЗР тест, вакцина сертификати талаб қилинмайди — барча талаблар бекор қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар учун 10 июндан бошлаб авиақатновлар, чегарадош темир йўл станциялари ва автомобиль ўтказиш чегара пунктлари орқали ҳаракатланишида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ўрнатилган вақтинчалик чекловлар бекор қилинди.

Бу дегани энди туристларга Ўзбекистонга келишидан олдин коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий натижали маълумотга эга бўлиши, коронавирус инфекциясига экспресс-антиген тест топшириши ҳамда тегишли тартибда эмланганлик сертификати ёки паспортига эга бўлиши талаб этилмайди.

Андижон шаҳри ҳокими ва вилоят Халқ таълими бошқармаси раҳбари қамоққа олинди. Улар эски лавозимида шериклари билан 48 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда гумонланмоқда.

Фото: Андижон шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, Андижон шаҳри ҳокими Баҳром Ҳайдаров жиноят иши доирасида 6 июнь куни гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушланди. Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслиги айтилган.

Маълумот учун, Баҳром Ҳайдаров Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида шериклари билан 48 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани хабар берилганди. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган. Ҳозирча етказилган зарарнинг 23 фоизи қопланган.

Ушбу хабарни тарқатган «Kun.uz» нашрга Баҳром Ҳайдаровни депутат дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича киритилган тақдимнома кенгаш йиғилишида ўқиб эшиттирилгани акс этган аудио келиб тушганини ёзганди. Ҳайдаровнинг қўлга олинишидан билиш мумкинки, унинг дахлсизлик ҳуқуқи бекор қилинган.

«Андижонда шундай ҳокимларимиз бор экан, биз билмай юрган эканмиз»: Андижон шаҳри ҳокими Баҳром Ҳайдаров қамоқда ўтириб 24 та ҳужжат «имзолади».

6–7 июнь кунлари «E-qaror» электрон платформасида 48 миллиард сўм бюджет (яъни, халқнинг, солиқ тўловчиларнинг) пулини талон-торож қилишда гумонланиб, процессуал тартибда ушланган (оддий қилиб айтганда, қамоқда ўтирган) Баҳром Ҳайдаров имзоси орқали тасдиқланган 26 та ҳужжат (23 қарор, 3 та фармойиш — улар билан мана бу ва мана бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин) жойланган. Уларнинг аксари ер участкаларини ажратиш бўйича аукцион натижаларини тасдиқлаш бўйича бўлган.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Маълумки, шаҳар ҳокими 6 июнь куни жиноят иши юзасидан ушланган, унга суд ажримига кўра, қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси қўлланилган. Ўрганиш давомида аниқланишича, 6 июнь куни соат 9:43 ва 21:18 оралиғида ҳамда 7 июнь куни соат 18:10 ва 21:07 оралиғида ҳокимлик девонхонаси мудири С. Қодиржонов томонидан ҳокимга тегишли электрон рақамли имзодан фойдаланилган ва 26 та қарор ва фармойишлар имзоланган.

Ҳозирда Адлия вазирлигининг кўрсатмасига асосан ҳоким Баҳром Ҳайдаровнинг электрон тизимидаги шахсий кабинети блокланган. Бундан ташқари, жараёнда ҳужжатларни соҳталаштириш эҳтимоли борлигини инобатга олиб, тегишли материаллар прокуратура органларига юборилади. Қарорлар тўлиқ ўрганиб чиқилмагунча уларни ижро этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тегишли органларга айтилади.

Aндижон вилояти Халқ таълими бошқармаси раҳбари Азиз Миркомилов (раҳбарликка 2020 йилнинг 15 февралида келган) бюджет маблағини талон-торож қилганликда гумонланиб, терговга жалб қилинган. Бошқарма матбуот котибининг «Bugun.uz»га билдиришича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Иш якуни бўйича тез орада расмий маълумот берилади.


Фото: Халқ таълими вазирлиги

Маълумот учун, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йил ноябрь ойига қадар бир гуруҳ шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, UZASBO дастурий мажмуасига уланган буюртмачиларнинг ойлик иш ҳақлари ҳамда бошқа тўловлари бўйича сўровномалари ва тўлов топшириқномаларини сохталаштирган ҳолда тўловга тақдим қилиб, 48,5 миллиард сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Андижонда ростан ғалати ишлар бўляпти (агар улар ҳақиқатда айбдор бўлса, зўр ишлар бўляпти!). Бу ишларнинг ажойиблиги шундаки, у ерда тўғридан-тўғри раҳбарлар қўлга олинмоқда, ўринбосарлари эмас (балки Андижон учун нормал ҳолатдир, бунга Twitter фойдаланувчилари эътибор қаратди).

Тошкентда талаба қизни зўрлаганликда айбланган «замдекан» номусга тегмаган деб топилди. Унга қасддан баданга шикаст етказиш факти билан айбдорлик эълон қилинди.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети декан ўринбосари талаба қизга зўрлик ишлатиб, деразадан итариб юборгани ҳақида деярли ҳамма билган, эшитган, кўрган. Шу сабабли унга кўпам тўхталиш шарт эмас, қуйида фақатгина суд ҳукми(нинг қисқартирилган варианти)ни қолдирамиз.

Фото: «Bugun.uz»

Тошкент шаҳар суди матбуот хизматининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, 7 июнь куни ушбу ҳолат юзасидан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни ўз ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Унга кўра, Б. Ю. («замдекан») Жиноят кодексининг 25, 118-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилган. Аммо у Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Суд ҳукми эълон қилингандан сўнг талаба қиз «Nemolchi.uz»га суд қарори устидан прокуротурага шикоят қилиши, зарурат бўлса, аппеляцион инстанцияга мурожаат қилишини маълум қилган.

Талабанинг аризасидан сўнг иш яна давом этади. Аммо, бир нарса қизиқ — суд ҳукми эълон қилинмасдан олдин «замдекан»ни айблаганлар ўзича ҳукм чиқармасликни тушуниб етишганмикин?!

«Салкам 24 фоизли хато»: «Ўзгидромет» Тошкент шаҳрининг яшиллик даражаси бўйича берган маълумотида хатолик борлигини маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

«Ўзгидромет» бош директори ўринбосари И.А.Каримов (ҳайбатли исм-фамилия-а?) 7 июнь куни Тошкент шаҳрида яшиллик даражаси 3 фоизни ташкил этиши ҳақида маълумот берганди. Хизмат бу маълумот хато экани, аслида кўрсаткич 26,8 фоиз эканини билдирди.

Ташкилот томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида директор ўринбосари пойтахтда яшиллик даражаси 3 фоизни ташкил этишини айтган, аммо «Ўзгидромет» бу маълумотда техник хатолик бўлганини маълум қилган — Тошкентдаги яшиллик даражаси 26,8 фоиз. Ўринбосар Каримов салкам 24 фоизга адашган (яъни, техник носозлик, Россия Украинага қарши уруш очган бир пайтда кўп нарса ўз номи билан аталмаяптику?!).

«Бугунги кунда шаҳарнинг яшиллилик даражаси 26,8 фоизни ташкил этади. Келтирилган ноқулайликлар учун жамоатчиликдан узр сўраймиз», дейилган хабарда. Бу узр ўринбосарнинг хатоси учун сўралган. Яшил ҳудуднинг камлиги учун эса бошқалар узр сўраши керак (агар наф бўлса).

Марказий банк асосий ставкани бир фоизга пасайтириб, 16 фоиз этиб белгилади.

9 июнь куни Марказий банк Бошқарувининг йиғилиши ўтказилди. Унда асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 16 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълумот учун, регулятор 17 март куни асосий ставкани 3 фоизга кўтариб, 17 фоиз этиб белгилаганди. Бу Россиянинг Украинага уруши, унинг ортидан Россияга қўлланган санкциялардан сўнг содир бўлган. Ҳозирга келиб, МБ қайта молиялаш ставкасини пасайтиришни бошлади, кўриб турганимиздек.

«Қичимаган жойни қашиб, нима керак?» — Сенатор Конституцияда оиланинг фақат эркак ва аёлдан иборат уюшма сифатида белгиланишига қарши чиқди.

Кадр: YouTube

Ушбу йиғилишда Алишер Қодировнинг Конституцияда оилани аёл ва эркакдан иборат уюшма сифатида белгилаш зарурлиги ҳақидаги таклифи ҳам муҳокама қилинган. Бироқ мажлисда ўтирган комиссия аъзоларидан бири, сенатор Абдураҳим Иркаев бунга қарши чиқиб, ўзгартириш керакмаслигини, чет эл бунга қандай мунрсабат билдириши борасида хавотирларини гапирган.

«Бундан 7–10 йил олдин бу кескинлик йўқ эди. Биз Конституцияда мана шунга ўхшаган таҳдидий ҳолат бор эканига унча эътибор бермаган эканмиз. ‘Томонларнинг’ дегани шуки, Ғарб дунёсида жуда тез ривожланиб кетаётган бир жинсли никоҳларга қонун даражасида рухсат берилган. Мана шу ўзгартиришнинг киритилишини маънавий ҳимоямизнинг яққол тимсоли сифатида кўришимиз керак, мен буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман», — деди Алишер Қодиров.

Қодировнинг сўзларига нисбатан сенатор Абдураҳим Иркаев ўз эътирозларини билдирган. У бу ўзгартиришга дунё ҳамжамиятининг муносабатини ўйлаётганини айтган.

«Моҳияти жиҳатидан бу таклифни ҳаммамиз қўллаб-қувватлаймиз. Аммо бир нарсага эътибор қаратиш керак: эркак ва аёл деб ёзиб қўйишимизга чет эл қандай реакция билдиради? Балки шуни эскича қолдирармиз. Қичимаган жойни қашиб, нима керак? Ҳозир ҳам бесоқолбозлик Конституциядан чиқиб кетмагани учун биз қанча таъна эшитяпмиз. Буни ўйлаб кўриш керак, лекин барчамиз буни инсон сифатида қўллаб-қувватлаймиз. Аммо қўшнилар, жаҳон жамоатчилиги билан ҳам ҳисоблашиш керак», — деди Иркаев.

Маълумот учун, Конституциянинг 63-моддасида «Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади» деб ёзилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистон элчихонаси хориждаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмоқчи бўлган ватандошларни огоҳлантирди
Жамият9:51 | 10.8.22
Ўзбекистон элчихонаси хориждаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмоқчи бўлган ватандошларни огоҳлантирди
Жиззахда аёл фарзандлари кўз ўнггида калтакланиб, зўрлангани айтилмоқда
Жамият, Жиззах9:27 | 10.8.22
Жиззахда аёл фарзандлари кўз ўнггида калтакланиб, зўрлангани айтилмоқда
Ўзбекистонда фахрий донорларга қатор имтиёзлар берилади
Жамият9:22 | 10.8.22
Ўзбекистонда фахрий донорларга қатор имтиёзлар берилади
Россияда ўзбекистонлик наркотик сотувчиси қўлга олинди
Жаҳон0:25 | 10.8.22
Россияда ўзбекистонлик наркотик сотувчиси қўлга олинди
«Толибон» мамлакатдаги тиланчиларни камайтириш йўлини маълум қилди
Жаҳон0:24 | 10.8.22
«Толибон» мамлакатдаги тиланчиларни камайтириш йўлини маълум қилди
Самарқандда 11,5 кг олтин кукунини ноқонуний сотишга уринган шахслар ушланди
Жамият, Самарқанд0:19 | 10.8.22
Самарқандда 11,5 кг олтин кукунини ноқонуний сотишга уринган шахслар ушланди