Жамият - 19:15 · 12.06.2022

Ким Чен Ин Путиннинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлади

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россия президенти Владимир Путинни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳақда «КМАА» Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: «Kommersant»

Маълум қилинишича, ахборот агентлиги томонидан Россия куни муносабати Ким Чен Иннинг Путинга  йўллаган табрик телеграммаси эълон қилган. «Сизнинг раҳбарлигингизда рус халқи ҳар хил синов ва қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтиб, халқимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган мамлакатнинг қадр-қиммати, хавфсизлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида, адолатли иш олиб боришда улкан муваффақиятларга эришмоқда», — дейилади унда.

Қайд этилишича, Ким Чен Ин КХДР ва Россия ўртасидаги муносабатларни қадрлашини ҳам таъкидлаган.

«Ишончим комилки, 2019 йилнинг апрель ойида Владивосток шаҳрида бўлиб ўтган биринчи учрашувимиздан сўнг янги муҳим босқичга кирган Корея–Россия дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари бундан кейин ҳам барча соҳаларда жадал мустаҳкамланиб, ривожланиб боради», — деган у.

Шимолий Корея етакчиси, шунингдек, икки давлат ўртасидаги тактик ва стратегик ҳамкорлик янада яқинлашишига умид билдирган.

Маълумот ўрнида, Путин ва Ким Чен Ин ўртасидаги биринчи саммит 2019 йилнинг баҳорида Владивостокда бўлиб ўтган.

Аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин расмийларга мамлакатда янги мафкура — «кимченизм»ни тарғиб қилишга кўрсатма берганди. Шунингдек, у армиянинг жанговар тайёргарлигини кучайтиришга чақиргани ҳақида хабар берилган.

Bugun — LIVE