Рамзан Қодиров Ўзбекистон президенти ва халқи ҳақида ўз фикрини билдирди — видео
Чеченистон раҳбари бу бўйича кечки сайр давомидаги суҳбатда гапирган
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистон президенти ва халқи ҳақида ўз фикрини билдирди. Бу ҳақда унинг Telegram каналида хабар берилди.

Маълум қилинишича, Қодиров Грознийдаги марказий Гул боғи бўйлаб сайр қилган. Куннинг шу вақтида фуқаролар бу ерда мароқли дам олади.
«Грозний аҳолисидан ижобий энергия олдим. Ётишдан олдин юриш танага ҳам фойдали таъсир кўрсатади. Аҳоли болалар билан мароқли вақт ўтказмоқда, ўсмирлар эса турли ўйинларда беллашмоқда. Баракалла! Вақт тез ўтади. 20 йил олдин бу жойда фақат харобалар, атрофда эса йўл тўсиқлари бор эди. Энди бу Грознийнинг энг гўзал жойларидан бири», деб ёзган Чеченистон раҳбари.
Қайд этилишича, сайр давомида Қодиров аҳоли билан суҳбатлашган. Айнан шундай суҳбатлардан бирида Ўзбекистон президенти ва халқи ҳақида ўз фикрини билдирган.
«Ассалому алайкум, ўзбекистонлик биродарларимиз. Энг яхши президент, энг яхши президент жамоаси ва энг яхши халқ», — деган Чеченистон раҳбари.
Аввалроқ Рамазон ҳайити арафасида Чеченистон Республикасида бўлган Ўзбекистон делегацияси Рамзан Қодировга Шавкат Мирзиёевнинг табриклари ва «Пои Калон ансамбли» картинасини топширганди. Шунингдек, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистон Президентига мамлакатдаги очиқлик сиёсати учун миннатдорчилик билдирганди.