Жаҳон - 23:50 · 12.06.2022

Шимолий Кореяда биринчи марта аёл вазир этиб тайинланди

Шимолий Кореяда Чхве Сон Хуэй ташқи ишлар вазирлиги раҳбари лавозимига тайинланиб, КХДР тарихидаги биринчи аёл вазирга айланди. Бу ҳақда «CNN» хабар берди.

Фото: «East News»

Маълум қилинишича, Чхве Сон Хуэй Шимолий Кореянинг таниқли сиёсат ва давлат арбоби, 2010–2013 йилларда мамлакат Вазирлар Кенгаши раиси лавозимида ишлаган, шунингдек, ҳукмрон Корея Меҳнат партияси бюроси президиуми аъзоси бўлган Чхве Ён Римнинг қизи ҳисобланади.

Оммавий ахборот воситаларида Чхве Сон Хуэй ҳақидаги хабарлар ўтган асрнинг 90-йиллари охирида пайдо бўлган: ўша пайтда у тўрт томонлама ядровий музокараларда таржимон сифатида қатнашган. 2018 йилда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга Сингапурдаги саммитда, бир йилдан сўнг эса Ханойда бўлиб ўтган учрашувда ҳамроҳлик қилганлар орасида бўлган.

58 ёшли Чхве Сон Хуэйнинг КХДР ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланиши кескин вазиятга тўғри келган — биргина 2022 йил бошидан буён мамлакатда 15 дан ортиқ ракеталар, жумладан, баллистик ракеталар учирилган.

Расмий равишда КХДРда аёл биринчи марта вазир сифатида пайдо бўлганига қарамай, бу аёлларнинг мамлакат ҳукуматида иштирок этмайди дегани эмас. Ким Чен Иннинг синглиси 34 ёшли Ким Ё Чжонни эслашнинг ўзи кифоя, у Жанубий Корея ҳақидаги кескин сўзлари билан танилган. Кўпчиликнинг фикрига кўра, келажакда у акасининг ўрнини эгаллаши мумкин.

Аввалроқ омма олдига 1 ой ичида биринчи марта чиққан Ким Чен Ин Гитлерга ўхшатилганди. Шунингдек, Японияда Ким Чен Инга қарши суд жараёни бошланганди.

Bugun — LIVE