Жамият - 20:06 · 12.06.2022

«Толибон» ИШИДнинг афғон бўлинмаси етакчиси Юнус Ўзбекистонийни ўлдирди

«Толибон» ҳаракати хавфсизлик кучлари Толиқон шаҳрида ўтказилган махсус операция давомида ИШИДнинг маҳаллий бўлинмаси раҳбари Юнус Ўзбекистоний ва унинг шерикларини йўқ қилди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон»га Афғонистон махсус хизматларига таяниб, Тахор вилоятидаги манбаси хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Унинг сўзларига кўра, «Толибон» ҳаракати разведкаси 11 июнь куни эрталаб Толиқон шаҳрига бир гуруҳ террорчилар келиб, шаҳарда теракт уюштиришни режалаштирганини аниқлаган. «Ушбу шахслардан бири, хориж фуқароси, Толиқон шаҳри марказида қўлга олинди ва ундан шерикларининг қаерда эканлиги ҳақида маълумот олинди», — дейди манбда.

Сўроқ пайтида қўлга олинган шахс ўзидан ташқари Калфағани кўчасидаги Шарқий лойиҳа деб номланувчи ҳудудда турли қуроллар билан қуролланган яна 14 нафар террорчи яширинганини ва «Толибон» ҳаракарти базасига ҳужум қилишни режалаштирганини айтган.

«Уларнинг турган жойи аниқлангач, Толиқан шаҳридаги Тахор гарнизони ва ‘Толибонʼ ҳаракати хавфсизлик кучлари ИШИД жангарилари бошпана топган уйни қуршаб олди ва ҳужум қилди», дейилади хабарда.

Тўқнашув тахминан уч соат давом этган. Натижада саккиз нафар террорчи йўқ қилинган, яна уч нафар жангари қўлга олинган, икки нафари эса қочишга муваффақ бўлган. Бундан ташқари, тасодифан отишма ҳудудида қолиб кетган 6 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.

«Қўлга олинганлардан маълум бўлишича, ушбу гуруҳ қўмондони Ўзбекистон фуқароси, ҳалок бўлганлардан бири Юнус Ўзбекистоний бўлган», — дея маълум қилган манба.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракатининг хавфсизлик кучлари шарқий Нангарҳор вилояти маркази Жалолобод шаҳрида одам ўғирлаш билан шуғулланган қуролли гуруҳнинг камида икки аъзосини йўқ қилганди.

Bugun — LIVE