Жаҳон - 22:10 · 12.06.2022

Ёлланма аскарларга алмаштирилиши мумкин бўлган «Путиннинг қадрдони», Украина ғалабасидан қўрқаётган давлатлар, Британия разведкасининг янги маълумоти

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 12 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Getty Images»

Литва Украина учун янги замонавий дронларни сотиб олди

Литва ҳукумати Украина учун янги замонавий дронларни сотиб олди. Улардан тўрттаси яқинда Украина Қуролли кучларига топширилади. Бу ҳақда «УНИАН» хабар берди.

Қайд этилишича, яқин кунларда тўртта, икки ойдан кейин эса яна иккита дрон Украина Қуролли кучларига топширилади.

Байден нархларнинг ошишини Украинани қўллаб-қувватлашнинг «ён таъсири» деб атади

АҚШ президенти Жо Байденнинг фикрича, нефть, бензин ва озиқ-овқат нархининг ошиши Украинани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ.

«Мен шуни айтмоқчиманки, бу ҳақиқатан ҳам изчил. Бу ён таъсир. Мен Украинага ёрдам беришга қарор қилганимизда бу бизга ҳам қимматга тушишини айтгандим. Бу Ғарб мамлакатларига қимматга тушади. Бу NATO’га қимматга тушади. Сиз нима бўлишини — бензин, нефть, озиқ-овқат нархи ошишини билардингиз», — деган Байден Демократлар миллий қўмитаси қабулида.

Россиялик сиёсатшунос нега Франция ва Германия Украина ғалабасидан қўрқишини тушунтирди

Франция ва Германия расмийлари Украинанинг ғалабасидан, Россия президенти Владимир Путиннинг мағлубиятидан қўрқмоқда. Бу фикрни сиёсатшунос ва публицист Андрей Пионтковский маълум қилди.

«Франция ва Германия Украинанинг ғалабасидан ҳамда Путиннинг мағлубиятидан қўрқади, чунки Украинанинг ғалабаси халқаро муносабатларнинг бутун тузилмасини, Европадаги хавфсизлик тузилмасини ўзгартиради», — деб тушунтирган Пионтковский Германия ва Франция бу янги тизимда геосиёсий салмоғини йўқотишини қўшимча қилган ҳолда.

Россия Украинага захира батальонларини жўнатишга тайёрланмоқда — Британия разведкаси

Россия Украинага захирадаги батальонларни жойлаштирмоқчи. Бу ҳақда Британия разведкасининг кундалик ҳисоботида айтилди.

«Сўнгги ҳафталарда баъзи жанговар ҳудудларга захирадаги батальонларни жойлаштиришга тайёргарлик бошланган», дейилади ҳисоботда.

Таъкидланишича, бригадалардаги учинчи батальонларда кадрлар етарли эмаслиги кузатилаётгани боис Россия катта эҳтимол билан бу бўлинмаларни Украинага жўнатиш учун янги қабул қилинганлар ёки сафарбар қилинган резервчиларга таяниши керак бўлади.

ОАВ: Киев Донецкда судланган британиялик ёлланма аскарларни Медведчукка алмаштиришни истисно қилмади

Киев Донецкда ўлим жазосига ҳукм қилинган британиялик Шон Пиннер ва Эйден Аслинни украиналик сиёсатчи Виктор Медведчукга алмашишни ёки ҳатто уларни озод қилиш учун ҳарбий операция ўтказилишини истисно этмайди.

Бу ҳақда Британиянинг «Sunday Express» газетаси исми ошкор этилмаган манбаларга таяниб хабар берди. Донецк суди Пиннер ва Аслинни, шунингдек, марокашлик Саадун Брагимни 9 июнь куни Донецкдаги жанговар ҳаракатларда Украина қуролли тузилмалари таркибида ёлланма аскар сифатида қатнашганликда айблаб, ўлим жазосига ҳукм қилган. Улар Украина томонида жангларда қатнашган ва Донбассда асирга олинган.

Маълумотларга кўра, Медведчук давлатга хиёнат қилишда гумон қилиниб, Россиянинг кенг кўламли босқини бошланишидан олдин уй қамоғи олинган. Руслар ҳужуми арафасида партия аъзосининг рафиқаси Оксана Марченконинг Беларусга яширинча кетгани ҳақида маълумот пайдо бўлган. Тез орада Медведчукнинг ўзи ҳам қочиб кетган.

Тергов «Путиннинг чўқинтирган отаси» ёки «Путиннинг қадрдони» деб таърифланадиган сиёсатчининг қаерда яширинган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги бир нечта оператив версияларга эга бўлган. Аммо Беларуснинг Бирлашган фуқаролик партияси раҳбари Медведчукни қидириш тафсилотларини ошкор қилишдан бош тортган ва бунинг учун махсус гуруҳ жалб қилинганлигини тасдиқлаган.

Bugun — LIVE