Жамият - 11:56 · 13.06.2022

Андижонда ИИБ ходими журналистга куч ишлатиб, телефонини олиб қўйгани хабар қилинди

Андижон шаҳрида ички ишлар органи ходими «Human.uz» журналистига куч ишлатиб, телефонини олиб қўйгани хабар қилинди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳолатга муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, 13 июнь соат 9:50 атрофида шаҳарнинг Янгибозор савдо мажмуасида Илёс исмли Андижон ИИБ ходими томонидан шакар савдосини суратга олаётган журналистнинг хизмат телефонини куч ишлатиш йўли билан тортиб олган ва тўсқинлик қилган.

Нашр, шунингдек, ходимининг смартфони қайтариб берилмаганини билдирган. «Мақсад ИИБ ходимининг куч ишлатгани ҳамда телефонни тортиб олгани суратга олинган видеони ўчириб ташлаш экан», дейилади хабарда.

Мазкур маълумот юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ўз муносабатини билдирган. Қайд этилишича, бу жамоат тартибини сақлаш мақсадида амалга оширилган.

«Янги бозор савдо мажмуасида одамларга навбат билан арзонлаштирилган шакар сотиш жараёнида, фуқаро Ж.Абдуллаев одамларни навбатини ва ўзаро гап талашаётганликларини тасвирга олиш вақтида, фуқаролар томонидан уларни юзларини тасвирга олишига эътироз билдирилиб, ҳуқуқларини поймол қилмасдан тасвирни ўчириб ташлаш талаб қилинган.

Жамоат тартибини бузилишини олдини олиш мақсадида, бозор ҳудудига бириктирилган ички ишлар органлари ходими томонидан фуқаро Ж.Абдуллаевга фуқароларни розилигисиз уларни тасвирга олмаслик тушунтирилган», дейилади муносабатда.

Ҳозирда шакарга навбатда турган фуқаролар ва Ж.Абдуллаев ўртасидаги зиддиятга ойдинлик киритиш мақсадида воқеа иштирокчилари ИИБга олиб борилган.

Шундан сўнг «Human.uz» сайти асосчиси Хуршид Далиев Ички ишлар вазирлиги вазиятни нотўғри талқин қилаётганини айтиб, Telegram каналида пост қолдирди.

«Ички ишлар вазирлиги томонидан берилган муносабатга муносабатимиз.

Биринчидан, тасвирга олиш бошланиши биланоқ, ИИБ ходими томонидан ҳеч қандай огоҳлантиришсиз телефон ‘Human.uz’ ходими қўлидан тортиб олинган.

Иккинчидан, тасвирга олиш бошланишидан кўп вақт ўтмасдан ва телефонни тортиб олган ИИБ ходими ёнига ҳеч бир фуқаро мурожаат қилмасидан туриб, ходим телефонни куч ишлатиш йўли билан тортиб олган. Буни телефонда тасвирланган видеоёзув орқали халққа исботлаш мумкин (агар мажбуран ва қонунга хилоф тарзда ўчиртирилмаса).

Учинчидан, ҳеч бир фуқаро ва ‘Human.uz’ ходими ўртасида келишмовчилик келиб чиқмаган, буни ҳам телефондаги видеоёзув орқали тасдиқлаш мумкин.

Тўртинчидан, агар фуқаролар томонидан норозилик билдирилган бўлса, видеонинг фуқаролар тасвирланган қисми ўчирилишини, ‘Human.uz’ ходимига бўлган таҳдид ва ўта маданиятсиз муомала ўчирмасдан, қолдирилиши, бунга қонунан тўлиқ ҳаққи борлиги тушунтирилган. Аммо Илёс исмли ИИБ ходими қонунан уни суратга олиш мумкин эмаслигини айтган (Бундай қонун қачон кучга кирди ҳурматли Ғиёсов?).

Вазирлик матбуот хизмати қачонгача ходимлари учун адвокатлик вазифасини бажаради? Ходимлари деганига эмас, видеоисботга (агар ўчиртиришмаса) ишонишса бўлмайдими?

Ҳатто бозордаги бир қанча харидорлар ва сотувчилар ҳам телефонни тортиб олинганига гувоҳ бўлишган ва шакар муаммосини ёритишни ўзлари сўрашган», — деб ёзади Далиев.

Шунингдек, журналист вазирлик матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовга савол йўллаган: «ИИБ ходими ўзи тасвирланган ва юқоридаги исбот учун керак бўладиган видеони ўчиртиришга ҳаққи борми? Нега видеони ўчирмасдан туриб телефонни қайтариб беришга ‘духи’ етмаяпти ходимни? Адекват муносабат кутамиз», дейилади мурожаатда.

Аввалроқ футбол бўйича Осиё кубоги доирасидаги Ўзбекистон–Ироқ ўйинида журналист ички ишлар ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар тарқалганди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳолат юзасидан изоҳ берган.

Bugun — LIVE