Андижон - 16:25 · 13.06.2022

Андижонда маймунчечакка чалиниш ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар тарқалди

Андижон вилояти Асака туманида фуқароларнинг бири маймунчечакка чалингани ҳақида хабарлар тарқалди. Санитария-эпидемиология хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, Кужган маҳалласида яшовчи 1973 йилда туғилган Ю.Х. 12 июнь куни РШТЁИМ Андижон филиали Токсикология бўлимига баданига тошмалар тошиш, тана ҳарорати кўтарилиши, безовталик, нафас бўғилиши, ўта ҳолсизлик шикояти билан ётқизилган.

Анамнезида бемор юқори нафас йўллари яллиғланиши ва бўйин лимфа тугунлари катталашиши ташхиси билан 3 кун уйида келини томонидан даволанган. Бу даврда бемор турли дори воситаларини қабул қилган. 2 кун давомида баданида аста-секин тошмалар пайдо бўлиб, оғиз ичига ҳам тошмалар тошган. Асака тумани тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимида бир кун давомида даволаниб, ижобий ўзгариш сезиларли даражада бўлмагач, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига юборилган. Кўрсатилган муолажалар натижасида умумий ҳолатида яхшиланиш кузатилиб, оддий палатада даволаниш давом эттирилмоқда. Беморга дори моддаларга аллергик реакция (Синдром Лайелла) ташхиси қўйилган.

Тармоқларда тарқалаётган хабарлар эса ёлғон ҳисобланади.

Аввалроқ Ўзбекистон билан чегарадош давлат Афғонистонда маймунчечак касаллиги қайд этилгани айтилиб, сўнг хабар рад этилганди. Шунингдек, Нурмат Отабеков 3 июнь ҳолатига кўра Ўзбекистонда маймунчечакка чалиниш ҳолати қайд этилмаганини билдирган.

Bugun — LIVE