Жамият, Тошкент ш. - 17:38 · 13.06.2022

Бош прокуратура стадионда калтакланган оператор ва журналист ишини назоратга олди

Ўзбекистон–Ироқ ўйинида журналист ички ишлар ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳолат назоратга олинган.

Фото: Facebook

Маълум бўлишича, Бош прокуратура томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Тошкент шаҳридаги «Пахтакор» стадиони атрофида оммавий ахборот воситалари ходимлари калтакланиши, уларнинг фаолиятига кўрсатилган тўсқинлик ҳолатларини ўрганиб, ҳуқуқий баҳо бериш хусусидаги сўров ўрганиб чиқилмоқда.

«Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 10-моддасида давлат журналистга ахборотни эркин олишини ва тарқатишини кафолатлаши, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишда унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши лозимлиги, 14-моддада эса журналистнинг ушбу ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Прокуратура томонидан ушбу юзага келган ҳолат ваколат доирасида ўрганиб чиқилади ва иштирокчилар ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, айбдорларга қонун доирасида чоралар кўрилиши таъминланади.

Маълумот учун, 11 июнь куни «Пахтакор» стадионида Ўзбекистон–Ироқ жамоалари ўйини вақтида жамоат тартибини сақлашга бириктирилган ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан соат 21:00 дан кейин стадионда бўш жойлар қолмагани сабабли фуқароларни стадионга кириши тўхтатилган.

Алишер Навоий кўчасидан стадионга кириш учун ташкил этилган ташқи назорат периметрда айрим фуқаролар норозилик билдириб, стадионга киришга ҳаракат қилиб, жанжал уюштирган. Ходимлар томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган безорилик ҳаракатлари зудлик билан бартараф этилиб, бир нечта фуқаролар туман Ички ишлар бошқармасига олиб борилган.

Қайд этилишича, фуқаролар орасида «Севимли» телеканали «Замон» дастурининг вакиллари ҳам бўлган ҳамда одамлар ўртасидаги муштлашув жараёнида телеканал оператори Т.Иброҳимовга тан жароҳатлари етказилиб, техник ашёлари зарар кўрган. Унга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиб, касалхонага етказилган.

11 июнь куни бошқа фуқаролардан тан жароҳати олгани бўйича маълумотлар келиб тушмаган. Айни пайтда, ҳолат юзасидан текширув тайинланиб, жамоат тартибини бузган фуқароларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.

Аввалроқ Ўзбекистон–Ироқ учрашувида фотомухбир яралангани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, у «Bugun.uz»га ҳолат юзасидан маълумот бергани маълум қилинган.

Bugun — LIVE