Бугун оқшоми. ИИБ ходимлари ва журналистлар «ишкаллари», қудуқдан деярли бир суткада чиқарилган 6 ёшли бола, Украинадаги урушда АҚШни айблаган Хитой

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Журналистлар ва ИИБ вакиллари «ишкаллари»: Андижонда «Human.uz» ходимининг телефони олиб қўйилди, Тошкентда «Sevimli» телеканали оператори калтакланди.

Андижон шаҳри Янгибозор савдо мажмуасида 13 июнь соат 9:50 атрофида Илёс исмли Андижон ИИБ ходими шакар савдосини суратга олаётган «Human.uz» журналисти Жавоҳир Абдуллаевнинг хизмат телефонини куч ишлатиш йўли билан тортиб олган ва фаолиятига тўсқинлик қилган.

Фото: «Bugun.uz»

Нашр журналистнинг смартфони қайтариб берилмагани, бундан мақсад ИИБ ходимининг куч ишлатгани ҳамда телефонни тортиб олгани суратга олинган видеони ўчириб ташлаш бўлганини ёзган.

Мазкур маълумот юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов муносабат билдирган (бугун у (энг камида журналистларнинг) эътибор марказида, унинг баёнотига ҳали яна тўхталамиз). Унинг талқини бўйича вазият бошқача бўлган.

Баёнотга кўра, бозорда тавирга олаётган журналистга фуқаролар томонидан уларни юзларини тасвирга олишига эътироз билдирилиб, ундан ҳуқуқларини поймол қилмасдан тасвирни ўчириб ташлаш талаб қилинган. Журналист ва фуқаролар ўртасидаги зиддиятни ҳал қилиш учун воқеа иштирокчилари ИИБга олиб борилган. Аммо, «Human.uz» сайти асосчиси Хуршид Далиев Ички ишлар вазирлиги вазиятни нотўғри талқин қилаётганини айтиб, Telegram каналида пост қолдирди.

Далиевга кўра, ИИБ ходими журналистнинг телефонини ҳеч қандай огоҳлантиришсиз куч ишлатиб тортиб олган. Буни исботлаш учун журналистнинг телефонидаги тасвирлар ўчириб юборилмаслиги етарли экани ёзилган. Бундан ташқари, фуқаролар ва «Human.uz» ходими ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик келиб чиқмаган, аксинча — шакар муаммосини ёритишни журналистдан фуқароларнинг ўзи сўраган.

Фото: «Bugun.uz»

Қизиқ тарафи шундаки, агар фуқаролар томонидан норозилик билдирилган бўлса, видеонинг фуқаролар тасвирланган қисми ўчирилишини, ‘Human.uzʼ ходимига бўлган таҳдид ва ўта маданиятсиз муомала ўчирмасдан, қолдирилиши, бунга қонунан тўлиқ ҳаққи борлиги тушунтирилган. Аммо Илёс исмли ИИБ ходими қонунан уни суратга олиш мумкин эмаслигини айтган. «Бундай қонун қачон кучга кирди, ҳурматли Ғиёсов? Вазирлик матбуот хизмати қачонгача ходимлари учун адвокатлик вазифасини бажаради?», деб ИИВ матбуот котибига саволлар йўллаган Хуршид Далиев.

«Ғиёсовнинг баёнотидан фарқли равишда, айни вазиятда жабрланувчи мен эканлигим тасдиқланиб, қўйиб юборилдим» — «Human.uz» журналисти Жавоҳир Абдуллаев ИИБдан чиққанидан сўнг воқеа ҳақида.

«Аҳволим яхши, телефонимни қайтариб олдим. ИИВ матбуот хизмати раҳбари Ш. Ғиёсовнинг баёнотидан фарқли равишда, айни вазиятда жабрланувчи мен эканлигим тасдиқланиб, қўйиб юборилдим.

Вазиятга бефарқ бўлмай, зудлик билан матбуотда ёритган барча блогер ва журналистларга миннатдорчилик билдираман.

Барча журналист ва блогерлар доимо шундай бир-бирларини қўллаб-қувватлашини ва қонунлар доимо ишлашини тилаб қоламан», деб ёзади Абдуллаев.

Воқеа иштирокчисининг (асосий қаҳрамони) сўзларидан келиб чиқадиган бўлсак, ИИВ матбуот котибининг сўзлари ҳақиқатдан йироқроқ (бу бугуннинг ўзида иккинчи ҳолат). «Bugun.uz» журналистга видеотасвирни бериш сўрови билан чиқади. Аммо Абдуллаевнинг билдиришича, видео унинг ўз хоҳиши билан ўчириб ташланган.

Ўзбекистон–Ироқ ўйинида журналист ички ишлар ходимлари томонидан калтаклангани айтилмоқда. Аммо Ғиёсовга кўра бундай эмас.

Осиё кубоги доирасидаги Ўзбекистон–Ироқ ўйинида (ўша даҳшатли, драматик, «тош ёмғири» остида ўтган учрашув) ички ишлар ходимлари томонидан «Sevimli» телеканали «Замон» дастурининг вакиллари калтаклангани айтилди. Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан баёнот берди.

Фото: Facebook

Унга кўра, 11 июнь куни «Пахтакор» стадионига жамоат тартибини сақлашга бириктирилган Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан соат 21:00 дан кейин стадионда бўш жойлар қолмагани сабабли фуқароларни стадионга кириши тўхтатилган. Алишер Навоий кўчасидан стадионга кириш учун ташкил этилган ташқи назорат периметрда айрим фуқаролар норозилик билдириб, стадионга киришга ҳаракат қилиб, жанжал уюштирган (!). Ходимлар томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган безорилик ҳаракатлари зудлик билан бартараф этилиб (!), бир нечта фуқаролар туман Ички ишлар бошқармасига олиб борилган.

Қайд этилишича, фуқаролар орасида «Sevimli» телеканали «Замон» дастурининг вакиллари ҳам бўлган ҳамда одамлар ўртасидаги муштлашув жараёнида телеканал оператори Т.Иброхимовга тан жароҳатлари етказилиб, техник ашёлари зарар кўрган. Унга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиб касалхонага етказилган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ушбу юзага келган ҳолат ваколат доирасида ўрганиб чиқилади ва иштирокчилар ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, айбдорларга қонун доирасида чоралар кўрилиши таъминланади.

Козим Комилов Олий суд раиси лавозимига қайта сайланди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенатнинг 13 июнь куни бўлиб ўтган йигирма еттинчи ялпи мажлисида президент кўрсатган номзод — Козим Комилов Олий суд раиси лавозимига қайта сайланди.

Сенат алкоголь ва тамаки истеъмолини чеклаш бўйича қонунни рад этди. Сенаторлар қонуннинг асосий тушунчаларига аниқлик киритиш зарурлиги айтди.

Сенатнинг ялпи мажлисида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди ва рад этилди. Мазкур қонун «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги, «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги ва бошқа қонунлардаги нормаларни ўз ичида мужассамлаштиради. Шу сабабли уларни ўз кучини йўқотган деб топиш назарда тутилади.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Бироқ ялпи мажлисда Сенат аъзолари қонуннинг асосий тушунчаларига аниқлик киритиш зарурлиги, коллизион нормалар мавжудлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти чуқур ўрганиб чиқилмаганлиги боис қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган. Рад этиш учун асосий сабаблар сифатида қатор масалалар келтириб ўтилган.

Хусусан, қонунда «носвой», «тамакили снюс» ва «никотинли снюс» тушунчалари чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари доирасига киритилган. Бунда «носвой» тушунчасининг мазмуни алоҳида хатбошида очиб берилган, бироқ бошқа янги турдаги чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари «тамакили снюс» ва «никотинли снюс» тушунчалари очиб берилмаган, уларнинг бир-биридан фарқи баён этилмаган.

Қашқадарёда 6 ёшли бола артезиан қудуққа тушиб кетди. Бола деярли бир суткадан кейин қутқариб олинди.

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 6 ёшли бола 12 июнь куни тахминан соат 13:30 ларда дала майдонида қазилган 25 метрли сувсиз артезиан қудуққа тушиб кетди. Соат 14:01 атрофида туманнинг Лангар қишлоғида яшовчи фураро вилоят ФВБ мурожат қилган.

Воқеа жойига зудлик билан Фавқулодда вазиятлар бошқамаси қутқарувчилари ва тегишли хизматлар етиб борган. Қутқариш ишларига махсус техникалар, экскаватор, грейдер ва бошқа техникалар жалб этилган. Қутқариш операцияси натижасида бола 13 июль куни соат 10:25 да қутқариб олинган. Айни вақтда боланинг аҳволи яхши.

Шунга ўхшаш воқеа аввалроқ Марокашда 5 ёшли Райян билан содир бўлганди. У шу йилнинг 1 февралида 32 метр чуқур қудуққа тушиб кетиб, 5 февраль куни қутқарилганди (аммо у вафот этган). Ўшанда йирик нашрлар воқеа жойидан 24 соат давомида жонли эфир қилганди, #saverayan ҳештеги оммалашганди.

«Усейн Болт ҳижолат»: Фарғонада ЙПХ ходими пора олиб, қочиб кетди.

Фарғона вилояти Қува туманида йўл-патруль хизмати ходими пора олиб, қочиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Унга кўра, 11 июнь куни туман ички ишлар бўлимига ЙПХ инспектори И.К нинг хҳаракатлари юзасидан  икки фуқаро арз қилган. Мазкур мурожаатда келтирилган ҳолатларни ўрганиш жараёнида ЙПХ инспектори И.К ўзини носамимий (носамимий — ўта даражада ноаниқ таъриф) тутиб (қочиб) кетиб юборган.

Ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, прокуратура органларига тақдим қилинган. Қайд этилишича, ҳозирда теговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • АҚШ Қуролли кучлари қўмондони Ўзбекистон мудофаа вазири билан учрашди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ҳам Майкл Курилла бошчилигидаги делегацияни қабул қилди;
  • Андижонда маймунчечакка чалиниш ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар тарқалди. Санитария-эпидемиология хизмати бу хабарни кескин рад этди.

Хўш, оламда нима гап?

Хитой Украинадаги урушда АҚШни айблади.

Хитой мудофаа вазири Вэй Фенхе Украинадаги урушга АҚШ сабабчи эканини таъкидлаб, Пекин Россияга ҳеч қачон қурол етказиб бермаганини маълум қилди.

Фото: «Getty Images»

«Шуни очиқ айтишга имкон беринг: Украина масаласига келсак, Хитой ҳеч қачон Россияга моддий-техник ёрдам кўрсатмаган», — дея у Пекиннинг Москва билан алоқаларига изоҳ берган.

Сиёсатчи Хитой ва Россия ўртасидаги муносабатларни «иттифоқ эмас, шериклик» деб таърифлаган ва бу учинчи давлатга қарши қаратилмаганини қай этган. Мудофаа вазири Хитойнинг Россия билан алоқалари ва ҳамкорлиги кенгайишда давом этишини қўшимча қилган.

Унинг фикрича, АҚШ Украинани қурол-яроғ билан таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш орқали Россия ва Украина ўртасидаги можарони узайтириб, Россияга қарши халқаро санкциялар сиёсатига бошчилик қилмоқда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Россияда ўзбекистонлик наркотик сотувчиси қўлга олинди
Жаҳон0:25 | 10.8.22
Россияда ўзбекистонлик наркотик сотувчиси қўлга олинди
«Толибон» мамлакатдаги тиланчиларни камайтириш йўлини маълум қилди
Жаҳон0:24 | 10.8.22
«Толибон» мамлакатдаги тиланчиларни камайтириш йўлини маълум қилди
Самарқандда 11,5 кг олтин кукунини ноқонуний сотишга уринган шахслар ушланди
Жамият, Самарқанд0:19 | 10.8.22
Самарқандда 11,5 кг олтин кукунини ноқонуний сотишга уринган шахслар ушланди
Тайван артиллерия иштирокида ҳарбий машқлар бошлади
Жаҳон0:18 | 10.8.22
Тайван артиллерия иштирокида ҳарбий машқлар бошлади
Хитой Тайванни ўраб, қамал қилиш машқларини бошлайди
Жаҳон0:16 | 10.8.22
Хитой Тайванни ўраб, қамал қилиш машқларини бошлайди
«Толибон» АҚШга маҳбус алмашишни таклиф қилди
Жаҳон0:15 | 10.8.22
«Толибон» АҚШга маҳбус алмашишни таклиф қилди