Жамият, Қашқадарё - 13:26 · 13.06.2022

Қашқадарёда «Халқ банки» ходимлари пенсия ва нафақа пулини «еб юборди»

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида «Халқ банки» ходимлари 150 нафар фуқаронинг пенсия ва нафақа пулинини талон-торож қилди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими томонидан АТ «Халқ банк» Шаҳрисабз филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Филиалининг 4-сонли сайёр касса бухгалтер назоратчиси С.И. ва кассири Н.Р. 150 нафар фуқарога март–май ойлари учун ажратилган 100,5 миллион сўм пенсия ва нафақа пулини фуқароларга тарқатмаган.

Улар маблағни шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб, талон-торож қилган. Текширув давомида етказилган зарарнинг тўлиқ қопланиши таъминланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Андижонда собиқ банк ходими ва тадбиркор 50 минг доллар кредитни талон-торож қилгани ҳақида хабар берилганди. Улар иссиқхона қуриш учун олинган пулни ўзлаштирган.

Bugun — LIVE