Жаҳон - 16:57 · 13.06.2022

Қирғизистонни Ўзбекистон билан боғлайдиган учинчи туннель топилди — видео

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси мамлакатни Ўзбекистон билан боғлайдиган яна бир яширин туннелни аниқлади. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Туннелнинг чуқурлиги 13 метр, узунлиги 170 метрга яқин. Унинг контрабанда учун канал бўлгани илгари сурилган. Туннель Қорасув туманида маҳаллий аҳолидан бирининг уйидан аниқланган. Уй эгаси Қирғизистон фуқароси ҳисобланади.

«Тергов натижасида аниқланишича, қирғизистонлик эркак 2021 йил сентябрь ойида терговга номаълум бўлган Рустам исмли шахс билан шартнома тузган. Улар Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғлайдиган туннель қазиган. Бунга Ўзбекистонга истеъмол товарлари ва чет эл валютасини ноқонуний олиб ўтиш сабаб бўлган. Тергов жараёнида қирғизистонлик эркак ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Ҳозирда барча зарур тергов-тезкор тадбирлари олиб борилмоқда», дейилади бошқарма хабарида.

Бу бир ой ичида топилган учинчи туннель ҳисобланади. Жумладан, 20 май куни ҳам Ўш вилояти Қорасув тумани Тельман қишлоғида Қирғизистонни Ўзбекистон билан боғловчи ерости туннели топилганди. 4 июнь куни турар жой биносининг бетон қопламаси остидан икки мамлакатни боғлайдиган яна бир яширин ўтиш жойи аниқланганди.

Bugun — LIVE