Жаҳон - 22:52 · 13.06.2022

Россиянинг 100 кунлик даромади, урушнинг чўзилиш сабабини айтган Зеленский ва Россиянинг ютиш эҳтимоли юқорилигини маълум қилган Литва ТИВ

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 13 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Associated Press»

Литва ташқи ишлар вазири: «Россиянинг Украинада ютқазмаслиги эҳтимоли юқори»

Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергиснинг фикрича, Россия Украинада «илгарилаб бормоқда». Унинг фикрича, Россиянинг ғалаба қозониш эҳтимоли «жуда юқори».

«Биз олган баъзи маълумотлар хавотирли, руслар олдинга силжишда давом этмоқда, украиналиклар алоқа чизиғини ушлаб тура олмаяпти. Демак, Россиянинг ютқазмаслик эҳтимоли ҳали ҳам анча юқори», — деган Ландсбергис «Foreign Policy» нашрига берган интервьюсида.

Вазирнинг сўзларига кўра, Россия санкциялар ва жанг майдонидаги йўқотишлардан «яраланган», бироқ мамлакат бунга «бардош» қилишга қодир. Литва ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, агар Москва узоқ муддатли босимга дош бера олса, бу «геосиёсий воқеликнинг ўта хавфли босқичидан» далолат беради.

Украинадан Испанияга 24 февралдан бери биринчи марта 18 минг тонналик маккажўхори жўнатмаси денгиз орқали етказилди

Испаниянинг ҳайвонлар учун озуқа ишлаб чиқарувчи «Agafas» компанияси Болтиқ денгизида очилган янги денгиз йўли орқали Украина донининг партияси етиб келганини эълон қилди.

18 минг тонна юки бўлган «Alppila» юк кемаси 13 июнь куни эрта тонгда Испания шимоли-ғарбидаги Ла-Корунья портига етиб борган. Хабарга кўра, бу Украина ғалласининг 24 февралдан бери денгиз орқали Испания шимоли-ғарбига етиб келган биринчи партиясидир.

Россия урушнинг 100 кунида энергия экспортидан 93 миллиард евро даромад олди

Россия Украина билан 100 кун давом этган кенг кўламли уруш давомида қазиб олинадиган энергия экспортидан 93 миллиард евро даромад олди. Бу ҳақда Энергетика ва тоза ҳаво тадқиқот маркази ҳисоботида маълум қилинди.

Мутахассисларнинг фикрича, Россия 24 февралдан 3 июнгача урушнинг дастлабки 100 кунида қазиб олинадиган ёқилғи экспортидан 93 миллиард евро даромад олган. Яъни, Европа Иттифоқи ушбу ҳажмнинг 61 фоизини импорт қилган, бу тахминан 57 миллиард еврога тенг бўлган.

Тадқиқот натижаларига кўра, Хитой (12,6 миллиард евро), Германия (12,1 миллиард евро), Италия (7,8 миллиард евро), Нидерландия (7,8 миллиард евро), Туркия (6,7 миллиард евро) энг йирик импортёрлар бўлган.

Украинада уч маҳсулот экспорти тақиқланди

Украина Вазирлар Маҳкамаси мамлакатда ишлаб чиқарилган кўмир, мазут ва газни экспорт қилишни тақиқлади. Қайд этилишича, бу бўйича тегишли ҳужжат тасдиқланган бўлиб, у лицензияланиши керак бўлган бир қатор товарларни экспорт қилиш учун ноль квоталарни белгилайди. Хусусан, бундай ноль квоталар қуйидагилар учун белгиланган:

  • суюқ ёқилғи (мазут);
  • тошкўмир;
  • табиий газ.

Зеленский Украинадаги урушнинг чўзилиши сабабини айтди

Украинага кучли ҳужум қуроли керак, уларсиз уруш давом этаверади, бу эса ўз навбатида қурбонлар сонини оширади. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Америка яҳудий қўмитаси глобал форуми иштирокчиларига мурожаати чоғида айтиб ўтди.

«Россияга қарши санкцияларни кучайтириш зарурлигини таъкидланг. Сиз буни қила оласиз. Бизга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришга ёрдам беринг, шунда биз босиб олинган ҳудудларни озод қила оламиз. Бизга кучли ҳужум қуроллари керак, уларсиз уруш давом этаверади. Қурбонлар сони ортиб бормоқда», — деган Зеленский.

Bugun — LIVE