Жамият, Самарқанд - 10:10 · 13.06.2022

Самарқандда фуқаро акаси ва отасини ўлдириб, уйининг томорқасига кўмиб қўйди

Самарқанд вилояти Ургут туманида 15 май куни фуқаро акаси ва отасини ўлдириб, уйининг томорқасига кўмиб қўйди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 7 июнь куни соат 19:30 атрофида туманнинг Навбоғ кўчасида яшовчи фуқаро Ж.М. ИИБга мурожаат қилиб, унда отаси Б.М. ва укаси Ш.М.лар уйида йўқлиги, қўл телефон рақамлари ишламаётгани ва уларни топишда амалий ёрдам беришни сўраган. Терговга қадар текширув жараёнида Ш.М. туман ИИБга айбини бўйнига олиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, унда 15 май куни соат тахминан 07:00 да отаси Б.М. ва акаси Ш.М.лар билан жанжаллашиб қолганини келтирган.

Аниқланишича, у болта ва ошхона пичоғи билан акаси Ш.М.ни сўнгра отаси Б.М.ни танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдирган ҳамда яшаш уйининг томорқасига кўмган. Уйнинг томорқа қисми кўздан кечирилганда Б.М. ва Ш.М.нинг жасади қотиллик аломатлари билан топилган. Ҳолат юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ургут туман прокуратураси томонидан Ш.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи сифатида жалб қилинган. Иш бўйича вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда 17 ёшли қиз унга маст ҳолда қизига тегажаклик қилмоқчи бўлган отасини уриб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE