Жамият - 12:52 · 13.06.2022

Сенат алкоголь ва тамаки истеъмолини чеклаш бўйича қонунни рад этди

Сенатнинг 13 июнь куни бўлиб ўтаётган йигирма еттинчи ялпи мажлисида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Қайд этилишича, мазкур қонун «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги, «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги ва бошқа қонунлардаги нормаларни ўз ичида мужассамлаштиради. Шу сабабли уларни ўз кучини йўқотган деб топиш назарда тутилади.

Бироқ ялпи мажлисда Сенат аъзолари қонуннинг асосий тушунчаларига аниқлик киритиш зарурлиги, коллизион нормалар мавжудлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти чуқур ўрганиб чиқилмаганлиги боис қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган. Рад этиш учун асосий сабаблар сифатида қатор масалалар келтириб ўтилган.

Хусусан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисида тарғибот-ташвиқот ҳамда профилактика ишлари фақатгина вояга етмаганлар ўртасида олиб борилиши, бундай маҳсулотларни сотиш ва истеъмол қилиш 21 ёшга тўлмаган шахслар учун тақиқланиши кўзда тутилган. Натижада ушбу қонун доирасида 18 ёшдан юқори ва 21 ёшга тўлмаган шахслар қатлами четда қолаётгани маълум бўлган.

Шунингдек, қонунда «носвой», «тамакили снюс» ва «никотинли снюс» тушунчалари чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари доирасига киритилган. Бунда «носвой» тушунчасининг мазмуни алоҳида хатбошида очиб берилган, бироқ бошқа янги турдаги чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари «тамакили снюс» ва «никотинли снюс» тушунчалари очиб берилмаган, уларнинг бир-биридан фарқи баён этилмаган.

Таъкидланишича, қонунда фақатгина Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган табиий ва кўпикланадиган виноларнинг рекламасига қайси ҳолларда йўл қўйилиши баён этилган. Бироқ 2022 йил 7 июндаги «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 39-моддасида табиий ва кўпикланадиган винолар билан бирга пиво рекламасига ҳам йўл қўйилиши белгиланган. Бу эса нормалар коллизиясини келтириб чиқарган.

Мажлисда қонуннинг аҳамияти ҳамда бугунги кундаги долзарблигини инобатга олиб, Қонунчилик палатаси томонидан кўрсатилган камчиликлар кўриб чиқилгач, қонун Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига қайта киритилиши билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш учун аниқ жойлар рўйхати белгиланаётгани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE