Иқтисод - 22:20 · 13.06.2022

Шавкат Мирзиёев жамоат транспорти тармоғини кенгайтириш лойиҳалари билан танишди

Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни Тошкент ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичи қурилиши билан танишиш чоғида жамоат транспорти тармоғини кенгайтириш ва метрополитен инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берганди. 13 июнь куни давлат раҳбари ушбу ишларни ташкил этишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унга кўра, қурилаётган ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичини давом эттириб, Сергели йўналиши билан боғлаш, замонавий қурилиш услубларини тадбиқ этиш, метро поездларини янгилаш, йўловчи оқимини янада ошириш режалари ҳақида ахборот берилган. Ерусти метросининг иккинчи босқичи доирасида бешта бекат 2022 йил якунида ва қолган иккитаси 2023 йил Наврўзда ишга тушириш мўлжалланган. Бу орқали 62 та маҳалладаги 250 мингга яқин аҳоли метрополитен билан қамраб олинади.

Давлат раҳбари барча йўлларда инсонларга қулайлик ва хавфсизлик биринчи ўринда бўлиши лозимлигини таъкидлаган. Метрополитен учун 14 та янги поезд олиб келиш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2022–2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берган.

Инновацион ёндашувларни кенг қўллаган ҳолда метрополитенни комплекс ривожлантириш ҳамда Транспорт универститети билан биргаликда профессионал кадрлар тайёрлаш учун хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланган.

Келтирилишича, Тошкентда жамоат транспорти етиб бормаган 26 та маҳаллага автобус йўналишлари очилиб, метро билан боғланади. Бунинг учун қўшимча электробуслар харид қилинади. Ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент вилоятидан пойтахтга кунига 1 миллиондан зиёд йўловчи кириб келади. Уларни метро бекатларига йўналтириб, ҳам аҳолига, ҳам транспортларга енгиллик яратиш зарурлиги айтилган.

Замонавий электропоездлар келтириб, «Тошкент – Хожикент«, «Тошкент – Бекобод» ва «Тошкент – Ангрен» йўналишида тезюрар қатнов йўлга қўйилиши белгиланган. Янги метрополитен йўналиши бўйида жойлашган маҳаллаларни ободонлаштириш муҳимлиги таъкидланган. Лойиҳаларни такомиллаштириб, қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев янги қурилаётган Енгил саноат ва логистика марказини бориб кўрганди. Шунингдек, Тошкентдаги «Уч авлод боғи»ни бориб кўргани хабар берилганди.

Bugun — LIVE