Жамият, Сурхондарё - 14:43 · 13.06.2022

Сурхондарё халқи қандай муаммоларни кўтармоқда?

Президентнинг қатъий сиёсий иродаси, инсон қадрини юксалтириш, халқпарвар давлат барпо қилиш, адолат ва қонун устуворлигини амалда таъминлашдек бир-бири билан ўзаро уйғун ғояларининг ҳаётий кўриниши узоқ йиллар давомида халқ ва раҳбарлар ўртасида юзага келган тубсиз жарликни мустаҳкам мулоқот кўпригига, эътибор ва меҳр риштасига айлантирилганида акс этади. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан тузилган Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги фаолият манзили Сурхондарё вилояти.

Фото: Президент халқ қабулхонаси ахборот хизмати

Президентнинг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳи таркибидан ўрин олган Халқ қабулхоналари, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, ўттизга яқин вазирлик, қўмита ва ташкилотлар раҳбарларининг оммавий қабуллари Термиз шаҳридан 90 километр масофадаги Қумқўрғон туманининг «Янгиер» маҳалласидан бошланиб, вилоят марказидан 120 километр олисдаги Денов туманининг «Истиқбол» маҳалласида давом этди. Асосан Қумқўрғон, Бандихон, Шўрчи, Денов ва Олтинсой туманларидан келган юртдошларимиз билан бевосита мулоқотларда ҳар бир масала вертикал тизимда – республика, вилоят ва туманлар масъуллари иштирокида синчиклаб кўриб чиқилмоқда.

Республика ишчи гуруҳи кўплаб масалаларни жойига чиқиб ўрганмоқда ва шу аснода уларнинг ечими ҳам топилмоқда. Айтайлик, қумқўрғонлик тадбиркор Озода Эрданова Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларига туманнинг Жалойир маҳалласида давлат-хусусий шерикчилиги асосида хусусий клиника ташкил қилишни таклиф қилди. Бу масала ҳар томонлама ўрганиб чиқилгач, битим имзолашга ва шу асосда Қумқўрғон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 101-оилавий шифокорлик пунктининг фойдаланилмаётган ҳудудидан 4 сотих ер майдони ажратишга келишиб олинди.

Деновлик ҳунарманд Сурайё Норованинг фаолиятини кенгайтириш билан боғлиқ мурожаати жойига чиқиб ўрганилгач, унга ўзи яшаётган «Чўнтош» маҳалласидан бўш турган бино ажратилиб, ҳудуддаги 10 нафар хотин-қиз шогирд сифатида бириктирилди.

Фото: Президент халқ қабулхонаси ахборот хизмати

Денов тумани «Буюк келажак» маҳалласида яшовчи Ашурбой Каримовнинг «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти масъулларига мурожаатидан сўнг ҳудуддаги ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ масалага ҳам жойида ечим топиб берилди. Гап шундаки, бу маҳалладаги 14 минг нафардан зиёд аҳолига оби ҳаёт етказиб берувчи насос таъмирталаб аҳволда экан. Ўрганишлардан сўнг ҳозирча насос таъмирланиб, ишга тушириладиган, тез орада эса буткул янгилаб бериладиган бўлди.

Денов тумани Намуна маҳалласида яшовчи 70 ёшли Маҳкам ота Алиқулов ҳам ҳудуддаги 3 км. кўчани тош йўлга айлантириб беришларини сўради. Бу мурожаатдаги барча масала аҳоли билан бирга ўрганилиб, кенгашилди ва ечим ҳам бирга топилди. Шу асосда зарур техникалар жалб қилиниб, Намуна маҳалласи кўчаларини намунали йўлга айлантиришга киришилди.

Фото: Президент халқ қабулхонаси ахборот хизмати

«Оммавий қабуллар уч ойлиги» доирасидаги мулоқотлар давомида суд-ҳуқуқ, ички ишлар, кредит ажратиш, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, маҳалла, оила ва хотин-қизлар масалаларига оид қатор мурожаатлар ҳам ҳал қилинди. Дейлик, шўрчилик Тошбиби Чўтматова яхши ниятлар билан иккиламчи бозордан автомобиль сотиб олмоқчи бўладию, фирибгарга учрайди.

Тошбиби опанинг Ички ишлар вазирлиги масъулларига айтишича, улар «Кобальт» автомобили учун келишилган суммани тўлиқ тўласада, бироқ сотувчи олувчи номига автомобилни расмийлаштириб бермаган. Аёлнинг мурожаати асосида тегишли текширув-суриштирув ишлари олиб борилганда, Тошбиби Чўтматованинг барча важлари тасдиқланди ва аёлнинг ўғли номига сотиб олган автомобили расмийлаштириб берилди.

Bugun — LIVE