Жамият, Тошкент ш. - 15:19 · 13.06.2022

Тошкентдаги «Ўрикзор» бозорида ер остидан иссиқ сув тошиб чиқди — видео

Тошкент шаҳри  Учтепа туманидаги «Ўрикзор» савдо маркази ҳудудида 13 июнь куни ер остидан иссиқ сув тошиб чиққани акс этган видеолар тарқалди. «Тошиссиққуввати» ДУК матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: «Тошиссиққуввати» ДУК матбуот хизмати

Маълум бўлишича, корхона томонидан 2022–2023 йилларда иситиш мавсумига сифатли тайёргарлик кўриш мақсадида 9-ИМ иссиқлик маркази қозонхонасига қайтиш (обратка) иссиқлик қувурларининг механик чидамлилиги ва зичлилиги (юқори босимда) синовдан ўтказилган.

40 даража ҳароратда, олдиндан келишилган жадвал асосида ўтказилган синов жараёнида 9-ИМга уланган М-6-3 ва М-6-9 оралиғидаги иссиқлик тармоғида авария содир бўлган, оқибатда савдо мажмуаси ҳудудида ер остидан иссиқ сув тошиб чиқиши кузатилган.

Фото: «Тошиссиққуввати» ДУК матбуот хизмати

ДУК Учтепа тумани бўлими ходимлари томонидан авария ҳолати юзага келган савдо мажмуаси ҳудудидаги сув тошиши тўхтатилган. Ҳозирда авария тиклаш ишларига бошқарманинг махсус техника ҳамда авария тиклаш гуруҳи жалб этилиб, аварияни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Корхона юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраган.

Аввалроқ Қашқадарёда кучли ёғингарчилик сабаб хонадонларни сув босгани хабар қилинганди. Шунингдек, Самарқанддаги мактабни кучли ёғингарчилик сабаб сув босган.

Bugun — LIVE