Жамият - 18:39 · 14.06.2022

Андижон шаҳрига ҳоким тайинланди

Халқ депутатлари Андижон шаҳри кенгашининг 14 июндаги навбатдан ташқари сессиясида шаҳар ҳокими этиб Ғофур Абдураҳмонов тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Келтирилишича, навбатдаги сессияда 2022 йил бошидан АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» бошқарув раиси маслаҳатчиси сифатида ишлаб келган Ғофур Абдураҳмонов шаҳарнинг янги ҳокими сифатида таништирилган.

Келтирилишича, у 1976 йилда Андижон шаҳрида туғилган. 1998 йилда Андижон муҳандислик иқтисодиёт институти тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1994 йилда Марказий банк Андижон вилояти бош бошқармаси экспедитори, 2-тоифали ҳисобчиси, 1-тоифали ҳисобчиси, етакчи эксперти вазифасидан бошлаган.

1997–2022 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Андижон вилояти бўлими 1-тоифали мутахассиси, етакчи мутахассиси, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Андижон вилояти бўлими Пойтуғ филиали бошқарувчиси ўринбосари, Пахтаобод туман филиали бошқарувчиси, вилоят бўлими бошқарувчисининг ўринбосари, сўнг вилоят бўлими бошқарувчиси, Марказий банк Андижон вилояти бош бошқармаси бошлиғи, АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» бошқарув раисининг ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

Маълумот учун, шаҳарнинг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров эски лавозимида 48 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганди. Бош прокуратура томонидан олиб борилган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган. Ҳозирча етказилган зарарнинг 23 фоизи қопланган.

Бош прокуратура томонидан киритилган тақдимномада Баҳром Ҳайдаровни 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида содир этган молиявий жиноятлари учун терговга тортиш масаласи кўтарилган.

Унга кўра, Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан Андижон шаҳри халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Ҳайдаров жиноят иши доирасида 6 июнь куни гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушланган. Вилоят Адлия бошқармаси ахборот хизмати ҳоким қамоқдалигида унинг номидан ҳужжатлар имзоланганини ҳам маълум қилган.

Bugun — LIVE