Жаҳон - 16:38 · 14.06.2022

Беларусь ШҲТга аъзо бўлиш учун ариза тайёрлади

Беларусь Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиш учун ариза тайёрлади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Фото: «Trend.az»

Россия президентининг ШҲТ ишлари бўйича махсус вакили Бахтиёр Ҳакимов бу бўйича маълумот берган. «Беларусь томони уларни зудлик билан ташкилотга қабул қилишни сўради ва улар президент томонидан ШҲТга аъзо бўлиш учун ариза тайёрлаганини кўрсатди», — дейди расмий.

Унинг сўзларига кўра, таклиф идоралараро форматда ишлаб чиқилган ва Беларусь Вазирлар кенгаши томонидан тасдиқланган. Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Беларусь ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Маълумот ўрнида, 2021 йилда Қатар, Миср ва Саудия Арабистони Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг янги ҳамкорларига айланган.

Аввалроқ Хитой ШҲТга аъзо давлатларга қашшоқликка қарши курашишни ўргатмоқчилиги ва Тожикистон президенти ШҲТ саммити доирасида Панжшер юзасидан дунё давлатларига мурожаат қилгани айтилган.

Bugun — LIVE