Жаҳон - 23:12 · 14.06.2022

Британия разведкаси Россиянинг қуролланиш билан боғлиқ муаммосини маълум қилди

Буюк Британия разведкаси катта бюджетга қарамай, Россия қурол ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётганини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Фото: «Military Times»

Россиянинг мудофаа бюджети 2022 йилда тахминан 20 фоизга (600–700 миллиард рубль) ошади, бироқ санкциялар туфайли йўқотилган ҳарбий техникани янгисига алмаштириш қийин бўлади. Разведка Россиянинг мудофаа саноати киритилган санкциялар оқибати ва зарур тажриба йўқлиги сабабли қурол ишлаб чиқаришда қийинчиликка дуч келишини айтган. Мамлакат юқори сифатли оптика ва замонавий электроника ишлаб чиқаришда муаммога дуч келиши қайд этилган.

Бундан ташқари, разведка рус қўшинларининг асосий саъй-ҳаракатлари Северодонецк йўналишига қаратилгани ва қўшинлар Харьков вилоятида бироз олдинга силжиганини қўшимча қилган.

Аввалроқ АҚШ разведкаси Украинага Россияга оид маълумотларни беришдан бош тортганди. Шунингдек, Россия ташқи разведка хизмати Украина ядро қуроли ишлаб чиққани ҳақида далилларга эга экани маълум бўлганди.

Bugun — LIVE