Жамият - 21:00 · 14.06.2022

Бугун оқшоми. Нархи пасайган шакар, Андижон шаҳрининг янги ҳокими, Зеленскийнинг Германияга қўйган ультиматуми

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Биржада шакар нархи 26 фоизга пасайди. 10–14 июнь кунлари у ерда 6 минг тоннадан сал кўпроқ шакар сотилган.

Ўзбекистон Товар-хом ашё биржасида 10–14 июнда ўтказилган очиқ биржа савдолари натижаларига кўра, шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган ўртача кунлик нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 14 554,5 минг сўмдан 10 754,9 минг сўмгача, яъни 26,1 фоизга пасайди.

Инфографика: Товар-хом ашё биржаси ахборот хизмати

Ушбу давр мобайнида биржа савдолари орқали 6004 тонна шакар сотилган (айнан шунча савдога қўйилган, яъни барчаси сотилган). Бунда жами сотилган шакарнинг 3000 тоннаси «Хоразм шакар» МЖЧга, 3004 тоннаси эса «Ангрен шакар» МЧЖга қарашли бўлган.

Айни шакар энг кўп сотиладиган мураббо мавсумида шакар қимматлашиши ортидан бозорларда одамлар ўртасида жанжаллар келиб чиқяпти, бунинг ортидан эса ИИБ ходимлари журналист билан «ишкал» чиқаряпти (журналистнинг ёзиши бўйича, ходимлар туҳмат қиляпти). Айрим ақлли, уддабурон инсонлар эса шакарга навбатда турмай (ёки шакар учун «жанг» қилмай) новвот ёки асалдан мураббо қиляпти, кимлардир эса компот ва мураббони шакарсиз ёпиб, қишда (шакар арзонлаганда — яхши ният) шакар қўшиб ейиш ҳақида ўйламоқда.

Энди шакар, ун, нон нархи кўтарилиши мавзусини (ва Конституциявий ўзгаришларни ҳам) ўз фони ортида қолдиган футбол ҳақида: Ўзбекистон миллий терма жамоаси муддатидан аввал Осиё Кубогига йўлланмани нақд қилди, Ўзбекистон U-23 эса эртага Осиё чемпионати финали учун Япония билан баҳс олиб боради.

Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси ахборот хизмати

Осиё кубоги саралаши доирасида Фаластин Филипинни (4:0) мағлуб этганидан сўнг Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Таиланд, Гонконг ва Ҳиндистон Осиё кубогига йўл олди. Энди Ўзбекистон ТЖ Таиланд билан (бугун, соат 20:30 да бошланган) ўйиндаги  натижадан қатъий назар 2023 йилги Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё Кубогига боради (бормаса ҳам уят, тўғридан тўғри йўлланма ололмагани — Жаҳон чемпионати саралашининг 3 босқичига чиқолмаганинг ўзи катта шармандалик — бу тарихий натижа).

Айтганча, бугун миллий терма жамоа сардори Элдор Шомуродов учун ўзгача кун. Чунки ҳужумчи бугун қиз фарзандли бўлди. Малдив оролларига қарши ўйинда хет-трик қайд этган Шомуродовдан бугун ҳам яхши натижа, гол ва албатта, унга муносиб тарзда нишонлаш маросими кутиб қоламиз.

Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси ахборот хизмати

Асосий терма жамоа бугунги ўйиндан қатъий назар мақсадига эришди, уларнинг укалари — 23 ёшгача бўлган футболчилар эртага, 15 июнь куни «Бунёдкор» стадионида Осиё чемпионатининг ярим финали доирасида Япония U-23 терма жамоасига қарши майдонга тушади. Йигитларга омад, журналистларга сабр (ва тошдан бош), муҳлислар эса сабр-тоқат (ва албатта, озроқ фаросат ҳам) тилаймиз.

Маълумотларга қараганда, «тошбўрон» остида қолган журналистлар бўлажак ярим финал ўйини учун жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Ироқ билан кечган драматик учрашувда қовурғасига тош теккан фотомухбир эртанги ўйинда «зирҳланган нимча» ишларкан.

Фото: «Bugun.uz»

Бундан ташқари, ўша ўйинда стадионда ишлаган яна бир фотожурналист Япония билан кечадиган ўйинда каска кийиб ишлаши айтганди. Вазиятга мослашиш, маркетинг, пиар.

Фото: «Championat.asia»

Дарвоқе, ўша Ўзбекистон—Ироқ ўйинида стадионга қарата пластик идишлар ва оёқ остидан кўчириб олинган бетон парчаларини улоқтирганларнинг бир қисми қўлга олинди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганилиб, оммавий тадбир жараёнида жамоат тартибини бузган 47 нафар шахс аниқланган. Уларнинг 6 нафарига суд томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси, 10 нафарига 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда 3 нафарига жазо сифатида жарима тайинланган. Қолган 28 нафар фуқаро билан профилактик суҳбат ўтказилиб, уларнинг ҳар бирига расмий огоҳлантириш берилган.

Суриштирув жараёнида фуқаро Ж.С. (фотомухбир) ўзига нисбатан тан жароҳати етказган шахсга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилган.

«Улар ортга қайтмоқда»: Тошкент шаҳридан январь–апрель ойларида аҳоли энг кўп Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига кўчиб ўтди.

Фото: «Bugun.uz»

2022 йилнинг биринчи 4 ойида Тошкент шаҳридан республиканинг бошқа ҳудудига доимий яшаш мақсадида кўчиб кетганлар сони 3055 кишини ташкил этган. Шаҳардан кўчиб кетиш 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 433 кишига (12,4 фоизга) камайган. Уларнинг асосий қисми Тошкент вилоятини (2274 киши) танлаган бўлса, иккинчи ўринда Қашқадарё вилоятига кўчишлар сони кўп бўлган — 133 киши. Кучли учликни Хоразм вилояти якунлаб берган (79 киши). Сўнгги ўринни эса 31 киши билан Наманган вилояти банд этган.

Табибнинг ўзи бемор: Қашқадарёда 2022 йил бошидан бери 29 нафар ўқитувчи жиноят содир қилди. Улар қаторида даҳшатли жиноятлар бор.

Фото: «Belta.by»

Вилоят ҳокимлигига кўра, 2022 йил январь–май ойларида 29 нафар ўқитувчилар томонидан жиноятлар содир этилган бўлиб, жиноят турлари бўйича қуйидагича таҳлил қилинган:

  • 1 та қотиллик (Шаҳрисабз шаҳар 30-мактаб ўқитувчиси);
  • 2 та ўртача оғир тан жароҳати етказиш (Қарши шаҳар 20-мактаб) ;
  • 2 та енгил тан жароҳати етказиш;
  • 1 та номусга тегиш (Қамаши тумани);
  • 2 та ўғрилик (Чироқчи тумани);
  • 1 та безорилик (Қамаши тумани).

Даҳшат. Шунчаки даҳшат (изоҳ: ушбу жумла муаллифнинг ҳолат бўйича ҳеч қандай изоҳи йўқ, ҳақиқатда даҳшатга тушган пайтда ишлатилади).

Андижонда Абдураҳмоновлар энди битта эмас: Андижон шаҳри ҳокими лавозимига Ғофур Абдураҳмонов тайинланди.

Халқ депутатлари Андижон шаҳри кенгашининг 14 июндаги навбатдан ташқари сессиясида шаҳар ҳокими этиб Ғофур Абдураҳмонов тайинланди. Ундан аввалгисининг тарихи ҳақида кўпчилик билса керак (билмаганларга эса мана линк).

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Hавбатдаги сессияда 2022 йил бошидан АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» бошқарув раиси маслаҳатчиси сифатида ишлаб келган Ғофур Абдураҳмонов шаҳарнинг янги ҳокими сифатида таништирилган. У бу лавозимга қадар Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки вилоят бўлими бошқарувчиси, Марказий банк Андижон вилояти бош бошқармаси бошлиғи, АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» бошқарув раисининг ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

Маълумот учун, Ғофур Абдураҳмоновнинг Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов билан ҳеч қандай қариндошчилик алоқалари йўқ (интернетда бундай маълумот топилмади). Вилоят ҳокими Избоскан туманида туғилган, шаҳар ҳокими эса Андижон шаҳрида.

Ўзбекистонда ўтган 5 ойда 48 киши ёнғин оқибатида ҳалок бўлди. Ёнғинлар билан боғлиқ вазият ой бошида фаоллашган.

Ўзбекистонда 2022 йил бошидан бери 3449 марта ёнғин содир бўлди. Улар оқибатида 82 киши тан жароҳати олиб, 48 киши ҳалок бўлган. Ёнғин кўрсаткичи 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 567 тага камайган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Бироқ, кунларнинг кескин исиб кетиши ва фуқароларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинмаслиги оқибатида ҳодиса ташвишли баҳоланган. Май ва июнь ойининг биринчи ўн кунлигида ёнғинлар билан боғлиқ вазият фаоллашган.

Ушбу даврда содир бўлган ёнғинлар 981 тани ташкил этиб, 106 таси қуриган ўсимликларни ёниши, 665 таси аҳоли турар жойлари ва 210 таси бошқа объектларига тўғри келган.

Хўш, оламда нима гап?

Украина Россия босиб олган ҳудудларни тарк этиши кераклигини исботлаганида уруш тугайди — Зеленский идораси.

Фото: «EPA»

Владимир Зеленский девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Беларусь нашрига берган интервюсида уруш тугашининг иккита сценарийсини айтган.

«Уруш Украина Россия бизнинг ҳудудларимизни тарк этиши кераклигини исботлагунча давом этади. Бу жуда мураккаб ва қийин, чунки ҳар бир исбот мард йигитларнинг ҳаётини талаб қилади. Инсон жуда мураккаб тузилма. У ўзига сармоя киритади, ривожланади, ўқийди, очиқ ва рақобатбардошдир. Бу одамлар давлат учун қўшимча қиймат яратади. Халқимиз шундай. Аммо улар ўлмоқда. Бу Украина учун ўта муҳим нарсани йўқотаётганимизни англатади», — деган Подоляк.

Унинг сўзларига кўра, Украинанинг йўқотишларини камайтирадиган механизмни топиш керак.

«Россия бунинг учун қанча тўлаши менга фарқи йўқ. Биз учун бу юқори нарх. Лекин шунга қарамай, биз Россия мағлуб бўлгунча курашамиз», — дея қўшимча қилган сиёсатчи.

Владимир Зеленский Германия канцлери Олаф Шольцга ультиматум қўйиб, Россия билан барча алоқаларни узишни сўради.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Президент Германияни урушдаги позицияси учун танқид қилган. «Шольц ва унинг ҳукумати бир қарорга келиши керак: Украина ва Россия муносабатларида мувозанатни сақлашга уриниш бўлмаслиги зарур», — деган Зеленский. У Германия ҳукуматининг Украинага АҚШ, Буюк Британия, Польша ва Болтиқбўйи мамлакатларига қараганда анча кечроқ қурол билан ёрдам бераётганини танқид қилган.

Шунингдек, Зеленский Шольцнинг Киевга ташрифи олдидан Германия канцлери «фотосуратлар билан чекланиб қолмаслиги», балки Украинанинг Европа Иттифоқидаги мақоми ва ҳарбий ёрдамнинг кучайиши ҳақидаги муҳокамаларда иштирок этиши кераклигини айтган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE