Жаҳон - 8:06 · 14.06.2022

Эронлик аэрокосмик олим ўлдириб кетилди

Эрон ҳаво кучлари аэрокосмик бўлинмаси олими 13 июнь куни мамлакат шимолидаги Семнан ҳаво мудофаа базасида «миссия пайтида» ўлдирилди. Бу ҳақда «The Jerusalem Post» хабар берди.

Фото: «Anadolu»

Унинг ўлимига сабаб бўлган ҳолатлар тафсилотлари ошкор этилмаган. Маълумотларга кўра, Муҳаммад Абдоус исмли олим ҳаво кучларидаги фаолияти доирасида учувчисиз учиш аппарати ва баллистик ракеталарни яратишдан ташқари, мамлакатнинг сунъий йўлдош дастури устида ишлаган.

Фото: Муҳаммад Абдоус / «Arutz Sheva»

Абдоуснинг ўлими ҳақидаги хабар ҳаво кучлари, аэрокосмик бўлинмасининг яна бир аъзоси Али Камани автоҳалокатда ҳалок бўлганидан 24 соат ўтмай пайдо бўлган. Эрон давлат оммавий ахборот воситалари Камани «ватанни ҳимоя қилиш миссиясида ҳалок бўлган шаҳид» сифатида тасвирланган.

Июнь ойи бошида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Қудс кучлари зобити сирли шароитда ўлик ҳолда топилганди. Эрон расмийлари унинг оиласига зобит Караждаги уйи томидан йиқилиб ҳалок бўлганини, эҳтимол «хотинидан ажралиш натижасида юзага келган психологик муаммолар» туфайли ўз жонига қасд қилганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, Исроил ҳукумати 22 май куни Эрон армиясининг юқори мартабали зобити Саяд Ходаини йўқ қилганди. Бунга унинг «дунёнинг турли бурчакларида маълум одамларни ўлдириш бўйича кўрсатма олган»и сабаб бўлган. Ҳолат юзасидан Эрон Исроилдан ўч олишга ваъда берган. Шу билан бирга, 6 июнь куни Эроннинг Язд шаҳридаги тадқиқот марказида дрон ва ракеталарни ишлаб чиққан ракета муҳандиси Айюб Энтезари кечки зиёфатда қатнашганидан сўнг ўлик ҳолда топилди. Зиёфатни уюштирган одам эса мамлакатдан қочиб кетган.

Bugun — LIVE