Жамият, Фарғона - 15:40 · 14.06.2022

Фарғонада сохта ЙҲХБ ходими ушланди

Фарғона вилоятида сохта ЙҲХБ ходими фирибгарлик устида ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро М.Х. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, фуқаро М. сотиб олмоқчи бўлган «Урал» русумли юк автотранспорт воситасини қайта жиҳозлаш орқали «Зил» русумига ўзгартириб, ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига 2000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати

Шунингдек, ўтказилган терговга қадар текширувда М.Х. ўзининг номига Фарғона вилояти ИИБ пенсионери ҳамда вилоят ЙҲХБ йўл посбони сохта гувоҳномаларини тайёрлаб олгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 28, 211-моддаси (Пора бериш) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда ИИБ ходимига 5 минг доллар пора таклиф қилган шахс ушланганди. Шунингдек, Фарғонада жиноий жавобгарликка тортилган ИИБ бошлиғи оқлангани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE