Жамият - 15:15 · 14.06.2022

Ўзбекистон–Ироқ ўйинида жамоат тартибини бузган 6 киши 15 суткага қамалди

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати Ўзбекистон–Ироқ ўйинида жамоат тартибини 47 киши бузган деб топилганини маълум қилди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, 11 июнь куни Тошкент шаҳридаги «Пахтакор» стадионида Осиё кубоги ўйинлари доирасида Ўзбекистон–Ироқ терма жамоалари ўртасидаги футбол ўйининг 12 дақиқасида ҳакам томонидан жамоалардан бирига 11 метрли жарима тўпи белгиланганда стадионга ташриф буюрган айрим томошабинлар норозилик билдириб, майдонга пластмасса сув идиши ва оёқ остидан кўчириб олинган бетон парчаларини улоқтирган.

Оқибатда стадионда фотомухбир сифатида хизмат олиб бораётган, 1992 йилда туғилган Ж.С. қорин бўшлиғидан жароҳат олган. Унга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганилиб, оммавий тадбир жараёнида жамоат тартибини бузган 47 нафар шахс аниқланган. Уларнинг 6 нафарига суд томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси, 10 нафарига 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда 3 нафарига жазо сифатида жарима тайинланган. Қолган 28 нафар фуқаро билан профилактик суҳбат ўтказилиб, уларнинг ҳар бирига расмий огоҳлантириш берилган.

Суриштирув жараёнида фуқаро Ж.С. ўзига нисбатан тан жароҳати етказган шахсга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилган.

Аввалроқ Бош прокуратура стадионда калтакланган оператор ва журналист ишини назоратга олгани хабар қилинганди.

Bugun — LIVE