Жамият - 14:29 · 14.06.2022

Ўзбекистонда кичик тадбиркорларга молиявий ёрдам кўрсатилади

Президентнинг «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Фармонга кўра, 1 июлдан Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кичик тадбиркорлaр лойиҳаларига банкларнинг 5 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредит ва лизинглари бўйича унинг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун 3 йил муддатгача компенсация тақдим этилади.

Жамғарма томонидан тижорат банклари кредитларига кафиллик:

  • кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига ажратиладиган кредитларнинг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам киради), бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда;
  • 2025 йил 1 январгача олис ва бориш қийин бўлган, шунингдек, меҳнат ресурслари ортиқча ҳудудлардаги кооперация асосида кичик бизнесни ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш учун маҳаллаларга бириктирилган етакчи кичик тадбиркорлик субъектларига, бундан ташқари, касаначиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларга ажратиладиган кредитларнинг 75 фоизигача (75 фоизи ҳам киради), бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда тақдим этилади.

Жамғарма томонидан кичик тадбиркорлик субъектларига компенсация ва кафиллик банкларнинг фақат миллий валютадаги кредит ва лизинглари учун берилади.

Молиявий ёрдамлар битта тадбиркорнинг фақат битта лойиҳасига татбиқ этилади ҳамда тадбиркор шартнома амал қилган кредит бўйича қарздорлик тўлиқ қайтарилганда, молиявий ёрдам олиш учун Жамғармага такроран мурожаат қилишга ҳақли бўлади.

Аввалроқ Ўзбекистонда кичик тадбиркорликни молиялаштириш учун банкларга 300 миллион доллар берилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани маълум қилинган.

Bugun — LIVE