Жаҳон - 9:12 · 14.06.2022

Россия номаълум учар жисмларни ўрганмоқда

Россия Фанлар академияси олимлари номаълум учар жисмларнинг пайдо бўлиши фактларини ўрганмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «РБК»

«Роскосмос» бош директори Дмитрий Рогозин бу бўйича маълумот берган. «Агар аниқ фактлар ҳақида гапирадиган бўлсак, NASA гапираётган номаълум учар жисмлар бизнинг Фанлар академиямиздан ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, фактлар тўпланмоқда, улар текширилмоқда», — деган мутахассис.

Рогозин фактларнинг 99,9 фоизи учар жисмлар пайдо бўлиши ҳақидаги фараз билан боғлиқ бўлмаган қандайдир атмосфера ёки бошқа жисмоний ҳодисалар эканини айтган. «Аммо биз бундай ҳодисалар содир бўлиши мумкинлигини тан оламиз», — деган у.

Мутахассис 70-йилларда синов парвозлари пайтида ғайриоддий ҳодисаларни кўрган учувчиларнинг кўрсатмалари билан шахсан танишгани, сўнгра қалам, қоғоз олиб, кўрганларини чизганини қўшимча қилган.

«Одатда, биз айтаётган нарса биринчи синов парвози пайтида пайдо бўлган. NASA билан гаплашдим, эҳтимол биз ташқи кузатув объекти бўлишимиз мумкин деган фикр тарафдорлари ҳам бор. Мен бунга ишонишни истардим», — дея қўшимча қилган «Роскосмос» раҳбари.

Аввалроқ АҚШ ҳарбийлари номаълум учар жисмни нима учун ўрганаётганини тушунтирганди. Шунингдек, АҚШ Федерал тергов бюросининг номаълум учар жисмларга оид маълумотлари очиқланганди.

Bugun — LIVE