Хитой дунёдаги тинчлик учун асосий таҳдид нималигини эълон қилди
Мамлакат ташқи ишлар вазири бу «ягона Хитой» тамойилини бузишини айтган
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Вэньбинь АҚШнинг Тайван мустақиллиги тарафдори бўлиши дунё учун энг катта таҳдид эканини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Вэньбиннинг таъкидлашича, АҚШнинг мазкур позицияси «Тайван бўғозидаги ва дунёдаги тинчлик ҳамда барқарорликка энг катта таҳдид», чунки бу ҳаракатлар «ягона Хитой» тамойилини бузади. Ташқи ишлар вазирлиги вакили АҚШни қарама-қаршиликка ундашга қаратилган баёнот ва ҳаракатлардан тийилишга чақирган.
«Тайванга қурол сотиш орқали Вашингтон оролдаги сепаратист кучларга нотўғри сигналлар юбормоқда», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Тайван мустақиллигини эълон қилса, уруш бошлашдан тортинмаслигини эълон қилганди. «Агар кимдир Тайванни Хитойдан ажратиб олишга журъат этса, Хитой армияси, албатта, харажатидан қатъи назар, уруш бошлашдан тортинмайди», — деган Хитой мудофаа вазири Вэй Фэнхэ.
Аввалроқ Хитойнинг 30 та ҳарбий самолёти Тайваннинг мудофаа зонасига кирганди. Шунингдек, Хитой ҳарбийлари Тайван яқинида ҳарбий машғулот ўтказганди.