Жамият - 21:00 · 15.06.2022

Бугун оқшоми. Техникумдан ОТМга имтиҳонсиз киришнинг бекор бўлиши, Қозоғистонда ўзбекистонликлар иштирокидаги ЙТҲ, кимлиги аниқланган «машҳур» куёв

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Тошкент шаҳридаги «Бунёдкор» стадиони атрофидаги айрим кўчалар соат 17:00 дан 00:00 гача машиналар ҳаракати учун ёпилди. Сабаб — таъмирлаш ишлари.

Харита: Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Чилонзор туманининг қуйида келтирилган кўчаларида йўл таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан соат 17:00 дан соат 00:00 гача бўлган вақтда автотранспорт воситалари учун ҳаракат вақтинчалик чекланди:

  • Муқимий ва Чилонзор кўчалари чорраҳасидан Чилонзор ва КХАЙ кўчалари чорраҳасигача бўлган қисми;
  • Муқимий ва Арнасой кўчалари чорраҳасидан Чўпонота ва Арнасой кўчалари чорраҳасигача бўлган қисми;
  • Бунёдкор иккинчи даражали кўчасидан Чўпонота кўчасигача бўлган қисми.

Маълумот учун, айнан шу кўчалар орқали 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида бўлиб ўтаётган Осиё чемпионати ярим финали доирасидаги Ўзбекистон—Япония терма жамоалари учрашуви ўтказиладиган «Бунёдкор» стадионига бориш мумкин. Ушбу матчга ўзбекистонлик мухлисларнинг кириши тақиқлангани (сабаби ҳаммамизга маълум — «Пахтакор»даги тошбўрон) боис стадион атрофида мухлислар учун монитор ўрнатилди (ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов футболни уйда томооша қилишни маслаҳат берганди).

Фото: «Bugun.uz»

Миллионлар ўйини ишқибозлари стадион ташқарисидан туриб бўлсада терма жамоани қўллаб-қувватлаши мумкин (бу бизга дарс бўлиши керак — муҳлислик маданиятини оширишимиз керак). Ярим финал баҳси ушбу дайжест эълон қилинган пайтда (21:00) старт олди. Ўйиннинг энг муҳим паллаларини ўтказиб юбормаслик учун Telegram’даги Bugun — Live каналига обуна бўлинг.

Тўйда келинни урган куёвнинг кимлиги маълум бўлди. Бош прокуратура куёв келинни ургани акс этган видео бўйича маълумот берди.

Унга кўра, воқеа ростан ҳам Сурхондарё вилоятида содир бўлган.

Аниқланишича, 6 июнь куни Узун туманида бўлиб ўтган никоҳ тўйи маросимида келин ва куёвга ўралган ҳолда ширинлик берилиб, уни ким биринчи бўлиб очиш (сюрприз ўйини) ўйини ўтказилган.

Ўйин давомида келин биринчи бўлиб ширинликни очгани сабабли бу ҳолатдан куёвнинг жаҳли чиқиб, келинни бир маротаба урган. Мазкур ҳолат юзасидан Узун тумани ИИБ томонидан фуқаро Х.Р. (қуёв)га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Бундан ташқари, куёв ва келин ҳамда уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилган.

Тошкент шаҳри — февраль–апрель ойларининг энг коррупциялашган ҳудуди.

Пойтахт коррупцияга оид жиноятлар содир қилиш кўрсаткичи бўйича февраль–апрель ойларида республикада энг юқори ўринларда турган, хусусан, февраль ойида 37 та, март ойида 50 та, апрель ойида эса 69 та коррпцияга оид жиноят ишлари судларга юборилган.

Фото: Антикоррупция агентлиги

Солиштириш учун, Тошкент шаҳрида 2020 йил давомида 59 та коррупцион жиноят содир этилган бўлса (ўша йилда карантин бўлган, балки бу ҳам кўрсатгичга таъсир қилгандир), 2021 йилда бу рақам 184 тани ташкил этган. Тошкент шаҳрида содир этилган коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2021 йилда 82 миллиард 638 миллион сўмлик моддий зарар етказилган.

Маълумот учун, Андижон вилояти коррупцияга оид жиноятлар содир қилиш бўйича ўтган 3 ойда энг юқори ўринларни эгаллаб турганди.

Ўзбекистонда 2023 йилдан техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш механизми бекор қилинади.

Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда бир қатор масалалар билан биргаликда техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш тизими бекор қилиниши ҳам эълон қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, техникумларга бўлган ёндашувни ўзгартириш керак. Улар олийгоҳга киришнинг осон йўли эмас, мураккаб касб берадиган, меҳнат бозорида рақобат қиладиган тизим бўлиши зарур.

2023 йилдан техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш механизми бекор қилиниши белгиланди. Молия вазирлигига олийгоҳ талабалари учун жорий этилган имтиёзли таълим кредитини янги ўқув йилидан техникум ва коллеж ўқувчилари учун ҳам жорий этиш топширилди.

Шунингдек, коллеж ва техникумларда ўқиш учун давлат грантлари ва эҳтиёжманд оила аъзолари учун субсидиялар кўпайтирилади. Олий таълим вазирлигига икки ой муддатда 207 та техникум фаолиятини ўрганиб, самарасиз ишлаётган 70 та техникумни тугатишга топшириқ берилди.

Бундан ташқари, Президент профессионал таълим педагог ва усталари учун муносиб шароит қилиб бериш, уларнинг касбий маҳоратини ошириб борадиган тизим яратиш зарурлигини таъкидлади.

«Очиқ айтиш керак, 2 миллион сўм ойлик олаётган техникум ёки касб-ҳунар мактаби муаллимларидан камида 5 миллион сўм иш ҳақи оладиган мутахассислар тайёрлаб беришни талаб қиляпмиз», — деган Президент.

Шу боис 2023 йил 1 январдан:

  • профессионал таълимдаги педагог ва усталар ойлиги ўрта мактаб ўқитувчиларига тенглаштирилади;
  • ўқитувчилар малака тоифаси учун тўланадиган устама ўртасидаги фарқ 2 баробарга оширилади;
  • эришган натижасига қараб, фидойи ва ташаббускор педагог кадрларнинг ойлигига 50 фоизгача устама тўлаш жорий этилади.

2023 йилда бунинг учун бюджетдан қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади. Шу билан бирга, профессионал таълим муассасалари педагоглари малакасини оширишда янги тизим яратилади. Университетлар ҳузуридаги малака ошириш факультетлари ўрнига ҳар бир вилоятда Профессионал тайёргарлик марказлари ташкил этилади.

«Камбағалликни 2 бараварга қисқартириш бўйича марраларга ҳам одамларга фақат ва фақат замонавий касблар бериш орқали эриша оламиз» — Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу йиғилишда Шавкат Мирзиёев камбағалликни 2 бараварга қисқартириш йўли ҳақида гапирди. Давлат раҳбарининг айтишича, ҳозирги кунда тўқимачилик, кончилик, электротехника, кимё ва бошқа саноат тармоқларида, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва сервис, қурилиш, тадбиркорлик соҳаларида катта ўзгаришлар қилинмоқда.

«Мисол учун, 2022 йилнинг ўзида 16 миллиард долларлик 9 мингдан зиёд йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилиб, уларга 300 мингга яқин малакали ишчилар керак бўлади. Камбағалликни 2 бараварга қисқартириш бўйича марраларга ҳам одамларга фақат ва фақат замонавий касблар бериш орқали эриша оламиз», — деди Президент йиғилишда.

Ўқитувчилар меҳнат таътили тўлови кечикаётгани ва камайтириб тўланаётганидан шикоят қилди. Халқ таълими вазирлиги ҳолат бўйича тушунтириш берди.

Халқ таълими вазирлигига ўқитувчилар меҳнат таътили тўлови кечикаётгани ва камайтириб тўланаётгани ҳақида мурожаат йўллади. Вазирлик матбуот хизмати ҳолат бўйича тушунтириш берди.

Фото: «Bugun.uz»

Бугунги кунда «UzASBO» дастурий мажмуасида меҳнат таътили тўловларини амалга оширишда техник носозликлар кузатилган. Камчилик тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда бартараф этилиб, ушбу тўловларни амалга ошириш имконияти қайта тикланди. Шунингдек, вазирлик бугундан бошлаб мактаб ходимларига меҳнат таътили тўловлари тўлаб борилишини маълум қилган.

2022 йилда педагог ходимларга Меҳнат кодексига мувофиқ йиллик меҳнат таътили берилиб, бир йил давомида тўлиқ ишлаган ўқитувчиларга 48 кун ҳисобидан тўлиқ меҳнат таътили пуллари тўлаб берилади. Ишга кирганига бир йил бўлмаган ўқитувчиларга эса таътил пули уларнинг ишлаган даврига мутаносиб равишда тўланади.

Қозоғистонда 11 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Оқибатда 31 нафар ўзбекистонлик йўловчиси бўлган автобусда ёнғин чиқди. 3 нафар (ўзбекистонлик) йўловчи ўрта даражада жароҳат олди.

Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида 15 июнь куни ичида 31 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобусда ЙТҲ сабаб ёнғин содир бўлди. Мазкур ЙТҲда жами 11 та машина иштирок этган (аввалроқ 4 та машина билан содир бўлгани хабар берилганди).

Ҳодиса соат 03:10 да Жамбул районидан ўтувчи Олмаота–Тошкент автомобиль йўлининг 545-километрида юз берган. Трикотаж маҳсулотлари ортилган «Scania» юк машинаси ёниб кетиши оқибатида 11 та енгил автомобиль, жумладан 31 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус тўқнашган. Оқибатда автотранспорт воситаларида ёнғин келиб чиққан.

Машинлар иштирокидаги йўл транспорт ҳодисасида бир киши ҳалок бўлган, тўққиз киши касалхонага ётқизилган. Ўзбекистонликлардан 3 нафари ўрта даражада тан жароҳати билан Тараз шаҳар тиббиёт масканига олиб борилган. Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фейк: Қутурган итлар нукуслик болани ғажиб ташлагани ҳақида видео тарқалди. Воқеа аслида Малайзияда содир бўлган.

Ижтимоий тармоқлар ва Нукус шаҳрида қутурган қаровсиз итлар ёш болага ҳужум қилиб, унга оғир жароҳат етказгани ҳақида хабарлар тарқалган. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг «AntiFake» Telegram канали мазкур хабар ёлғон ва ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилди.

Маълумот учун, ушбу воқеа 2022 йил январь ойида Малайзияда содир бўлган.

Хўш, оламда нима гап?

Россияда мактабларда ҳушёрлик, университетларда эса «собриология» дарсини ўтиш таклиф қилинди.

Фото: «Звезда.ru»

Россия Давлат Думаси рус мактабларида ҳушёрлик ва саломатлик дарсларини жорий қилишни таклиф қилди. Давлат Думаси депутати Николай Бурляев 14 июнь шундай ташаббус билан чиққан. «Мен мактабларда ҳушёрлик ва саломатлик дарслари, университетларда эса янги ‘собриология’ интизоми – жамиятни ҳушёрлаш ҳақидаги фан киритилишини таклиф қилдим», — дейди депутат.

Bugun — LIVE