Жаҳон - 20:18 · 15.06.2022

Душанбе–Тошкент йўловчи поездларининг чипта нархи маълум бўлди

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида 20 июндан бошланадиган Душанбе–Тошкент йўловчи поездларининг чипта нархи маълум қилинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «The Asia Times»

Маълум қилинишича, йўл ҳақи 381 476 сўмдан бошланади ва чипта сотиб олинган вақтга қараб нарх ўзгаради. 301/302-сонли поезд 21 соат давомида йўлда бўлади, йўналиш узунлиги 916 километрни ташкил қилади. У Ўзбекистоннинг Қарши, Самарқанд, Жиззах ва Гулистон шаҳарлари ҳамда Тожикистондаги Сўғд вилоятининг шаҳар ва туманларидан ўтади.

Йўловчи поездлари 20 июнь куни Душанбедан жўнаб кетади ва 21 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 13:43 да Тошкентга етиб келади. Шу куни поезд Тошкентдан соат 16:15 да қарама-қарши йўналишда ҳаракатланади ва 22 июнь куни тушдан кейин Душанбега қайтади.

301/302-сонли Душанбе–Тошкент—Душанбе йўналишида йўловчи поезди 10 та вагондан: 4 купе, 5 платскарт ва вагон-ресторандан иборат.

Маълумот ўрнида, Душанбе–Тошкент йўловчи поездлари ҳаракати 30 йиллик танаффусдан сўнг тикланмоқда.

Аввалроқ Туркманистон Ўзбекистондан транзит юкларини ташишга рухсат берганди. Шунингдек, Ўзбекистонликларнинг Россияга темирйўл орқали киришига қўйилган чеклов бекор қилинганди.

Bugun — LIVE