Жамият, Тошкент вил. - 21:21 · 15.06.2022

Олмалиқдаги корхоналардан бирида портлаш содир бўлди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги корхоналардан бирида 15 июнь куни портлаш содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Келтирилишича, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги «Ammafos-Maksam» корхонаси ҳудудида ижарада фаолият юритаётган «Maxam-Uzbekiston» қўшма корхонасининг Reaxit ишлаб чиқариш цехида технологик жараённи бузилиши натижасида портлаш содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида ушбу цехнинг бино конструкциялари бузилган. Шунингдек, воқеа жойига яқин бўлган юк машинаси ҳайдовчиси тан жароҳати олган. Айни вақтда жабрланган фуқаро шаҳар тиббиёт бирлашмасида шифокорлар назоратида бўлиб, аҳволи қониқарли.

Содир бўлган вазият оқибатида ишчи-ходимларнинг ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазири бошчилигида вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ИИВ, Миллий Гвардия ва бошқа ташкилотлар вакиллари етиб борган. Ҳозирда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Наманган шаҳридаги автомобилларга бензин қуйиш шохобчасида 15 февраль куни портлаш содир бўлганди. Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги ҳаммомда 31 декабрь куни газ-ҳаво чақнаши содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE