Жамият - 15:21 · 15.06.2022

Ўзбекистонда 7–11-синф ўқувчилари касбий диагностикадан ўтказилади

Шавкат Мирзиёев раислигида 15 июнь куни аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор бошлангани хабар қилинганди. Йиғилишда 7–11-синф ўқувчиларини индивидуал ёндашув асосида касбий диагностикадан ўтказиш вазифаси топширилди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, профессионал таълимни янги ёндашувлар асосида ташкил этиш шарт. Бу ишларни қандай ташкил этиш Ангрен шаҳри мисолида кўрсатиб берилди.

Ангренда 2022 йилда меҳнат бозорига 3800 нафар ёш кириб келиши, шаҳардаги 535 та корхонада ишчи касблар бўйича 1915 та бўш иш ўрни мавжудлиги, инвестиция лойиҳалари ҳисобига яна 2 мингдан ортиқ ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёж пайдо бўлиши маълум қилинган.

Хабарга кўра, вилоят, туман ва шаҳарларда Касб-ҳунар таълими кенгашлари ташкил этилади. Янги тизим орқали 6 минг нафар аҳоли касбий таълим билан қамраб олинади ва манзилли ишга жойлаштирилади.

Йиғилишда ёшларни касбга йўналтиришга масъул бўлган психологлар иши умуман сезилмаётгани қайд этилган. Шу боис Халқ таълими вазирлигига:

  • ўз тизимидаги психологларни қайта ўқитиш ва талабга жавоб бермайдиганларини алмаштириш;
  • 7–11-синф ўқувчиларини индивидуал ёндашув асосида касбий диагностикадан ўтказиш ва тавсияларини кенгашларга тақдим этиш топширилди.

Шу билан бирга, вазирлик олдига Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ташхис маркази фаолиятини трансформация қилиш вазифаси қўйилди.

Аввалроқ Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти мактаб битирувчиларининг келгуси режалари юзасидан сўровнома ташкил қилгани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE