Жамият - 21:28 · 15.06.2022

Ўзбекистонда диний бағрикенглик билан боғлиқ ҳолат қандай кўринишда?

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими, таҳлилчи Анвар Эминов турли дин ва миллатларга мансуб аҳоли орасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар жамиятнинг барқарор ривожланиши учун муҳим шартлардан бири эканини таъкидлади.

Қадимдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эркин бажариб келган Ўзбекистонда бугунги кунда 16 та диний конфессияга мансуб ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатда қонунда белгиланган тартибда фаолият юритаётган барча диний ташкилотларнинг фаолият эркинлиги кафолатланиши, давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги қоидалар Конституциянинг 61-моддасида эътироф этилиши керак.

Ўзбекистон қадимдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эркин бажариб келган бағрикенг диёр сифатида қадрланади.

Диний бағрикенглик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъи назар, уларнинг ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашини англатади. ЮНEСКО томонидан 1995 йил 16 ноябрда эълон қилинган Бағрикенглик тамойиллари декларациясида баён этилганидек, «бағрикенглик… ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркиндир ва ҳар ким бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини тан олмоғи лозим».

Ҳозирги кунда ҳукуматимиз томонидан оқилона диний бағрикенглик сиёсати олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллатлараро ва диний муносабатлар соҳасига оид 100 га яқин қонун ҳужжатлари ва муҳим қарорлар қабул қилинди. Агар 1991-2017 йилларда ушбу соҳага тааллуқли 14 та қонун ҳужжати қабул қилинган бўлса, 2017 йилдан кейинги ўтган давр мобайнида 40 дан ортиқ қонун ҳужжати, Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳаётга татбиқ этилди. 2021 йили кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди.

Ушбу қонун ҳужжатларини тайёрлашда юртимизда тарихан шаклланган анъана, урф-одат ва қадриятлар, шу йўналишдаги халқаро меъёр ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси каби нуфузли халқаро тузилмалар ҳужжатларида эътироф этилган асосий қоида ва тамойиллар, таклиф ва тавсиялар инобатга олинган.

Ушбу ҳужжатларнинг аксарияти диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ барча тартиб-тамойилларни такомиллаштириш, уларга енгилликлар яратишга, фуқароларнинг дини ва миллатидан қатъий назар, ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Масалан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш, уларнинг фаолиятини юритишга қўйиладиган талаблар соддалаштирилди. Диний ташкилот ҳисоботларини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилди, ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.

Халқаро ҳамжамият ҳам мамлакатимизнинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги фаолиятини юқори баҳоламоқда. Ўзбекистоннинг диний эркинликлар соҳасида алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхатидан чиқарилгани, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон Президенти томонидан таклиф этилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясининг қабул қилингани мамлакатимизда бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар дунё миқёсида ҳам муносиб эътироф этилаётганига яққол мисолдир.

«Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясида мустаҳкамланган тамойил ва қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси олиб бораётган изчил ишларнинг бир қисми сифатида юртимизда 2019 йилдан бошлаб «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми ўтказиб келинмоқда.

Мазкур доирадаги навбатдаги нуфузли анжуман 2022 йил 16-20 май кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтди. АҚШ, Европа, Осиё, Яқин Шарқ, Африка мамлакатларининг диншунос олимлари, амалиётчи мутахассислари иштирок этган ушбу анжуманда динлар ва маданиятлар ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт, илғор хорижий тажрибалар муҳокама қилинди.

Халқаро форум жаҳон ҳамжамиятининг эътиқод эркинлигини таъминлаш ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатини бирлаштириш жараёнининг ажралмас қисми бўлиб, давлатимизнинг инсон ҳуқуқ ва эркинлиги бўйича халқаро мажбуриятларга қатъий содиқлиги ифодасидир.

Бу натижаларга амалий ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегик чора-тадбирлар натижасида эришилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган муҳим дастурий ҳужжатлар доирасида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида самарадор ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Диндорларнинг муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиши борасида уларга зарур шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган ишлар натижадорлиги ошди. Хусусан, пандемия чекловларидан олдинги 2018-2019 йилларда ҳар йили Ҳаж зиёратини амалга оширган фуқаролар сони қарийиб 7,5 минг нафарга етган. Умра сафари билан боғлиқ барча ташкилий чекловлар олиб ташланди.

Айни пайтда мамлакатимиз ҳудудида яшовчи насроний ва яҳудийлар ўзлари учун муқаддас бўлган қадамжоларни зиёрат қилишлари борасида ҳам бир қатор қулайликлар яратилди. Ўтган давр мобайнида икки мингдан ортиқ диндорлар Россия, Греция ва Исроил давлатларида жойлашган шундай зиёрат масканларига сафар уюштиришди.

Ушбу ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган диний ва миллатлараро муносабатлар соҳасида умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликларни, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда олиб борилмоқда.

Демократик жамиятнинг асосий белгиларидан бири – жамият аъзоларининг қонун олдидаги тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлиги таъминланганидир. Шундай экан, Конституция ва қонунларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ акс этиши мақсадга мувофиқ.

Амалдаги Конституциямизнинг 61-моддасида «Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди», деган қоида мустаҳкамланган.

Энди шу нормаларни бироз таҳлил қилсак. Бир қарашда, ҳаммаси рисоладагидек кўринади:

– диний ташкилотлар давлатдан ажратилгани, яъни диний ташкилотларнинг давлат органлари ишига ва ўз ўрнида давлат органлари диний ташкилотлар ишига аралашмаслиги тамойили белгиланган;

– барча диний ташкилотларнинг қонун олдида тенглиги эътироф этилган, албатта, турли динларга мансуб кўп миллатли аҳолиси бўлган жамиятимиз учун бу тамойил ҳам жуда муҳим.

Лекин бу қоидаларга бошқа томондан қарасак, давлат ўзини бу соҳадан четга тортаётгандек туюлади. Аслида, диний ташкилотлар ҳам жамиятимизда фаолият юритади, бундай ташкилотларнинг аъзолари ҳам шу юрт фуқаролари. Бугун юртимизда 16 та диний конфессияга мансуб ташкилотлар фаолият кўрсатаётган экан, қонуний фаолият юритаётган мазкур ташкилотлар ва уларнинг аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун олдида тенглигини таъминлаш давлатнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Конституциямизнинг 61-моддаси такомиллаштирилиб, унда мамлакатимизда қонунда белгиланган тартибда фаолият юритаётган барча диний ташкилотларнинг фаолият эркинлиги кафолатланиши, давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги қоидалар ифода қилиниши керак.

Bugun — LIVE