Жамият - 16:00 · 15.06.2022

Ўзбекистонда техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш тизими бекор қилинади

Ўзбекистонда 2023 йилдан техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш механизми бекор қилинади. Бу ҳақда Президентнинг 15 июнь куни ўтказган йиғилишида айтиб ўтилди.

Фото: «Агробанк» матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, техникумларга бўлган ёндашувни ўзгартириш керак. Улар олийгоҳга киришнинг осон йўли эмас, мураккаб касб берадиган, меҳнат бозорида рақобат қиладиган тизим бўлиши зарур.

Маълум қилинишича, 2023 йилдан техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш механизми бекор қилиниши белгиланди. Молия вазирлигига олийгоҳ талабалари учун жорий этилган имтиёзли таълим кредитини янги ўқув йилидан техникум ва коллеж ўқувчилари учун ҳам жорий этиш топширилди.

Шунингдек, коллеж ва техникумларда ўқиш учун давлат грантлари ва эҳтиёжманд оила аъзолари учун субсидиялар кўпайтирилади. Олий таълим вазирлигига икки ой муддатда 207 та техникум фаолиятини ўрганиб, самарасиз ишлаётган 70 та техникумни тугатишга топшириқ берилди.

Уларнинг 25 таси мономарказлар ташкил этиш учун Бандлик вазирлигига ўтказилади, қолган 45 таси негизида касб-ҳунар мактаблари ташкил этилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда коллеж ва техникум ўқувчилари учун стипендия жорий этилиши мумкинлиги маълум қилинганди. Шунингдек, техникумни муваффақиятли тамомлаганлар ОТМга суҳбат асосида қабул қилиниши ҳақида ҳам маълумот эълон қилинганди.

Bugun — LIVE