Жамият - 16:48 · 15.06.2022

Президент: «2 млн сўм ойлик олаётган техникум муаллимидан камида 5 млн сўм оладиган мутахассис тайёрлаб беришни талаб қиляпмиз»

Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан профессионал таълимдаги педагог ва усталар ойлиги ўрта мактаб ўқитувчиларига тенглаштирилади. Бу бўйича Президент топшириқ берди.

Фото: Twitter

Таъкидланишича, давлат раҳбарининг 15 июнь куни ўтказаётган мажлисида мутасаддиларга профессионал таълим педагог ва усталари учун муносиб шароит қилиб бериш, уларнинг касбий маҳоратини ошириб борадиган тизим яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

«Очиқ айтиш керак, 2 миллион сўм ойлик олаётган техникум ёки касб-ҳунар мактаби муаллимларидан камида 5 миллион сўм иш ҳақи оладиган мутахассислар тайёрлаб беришни талаб қиляпмиз», — деган Президент.

Шу боис 2023 йил 1 январдан:

  • профессионал таълимдаги педагог ва усталар ойлиги ўрта мактаб ўқитувчиларига тенглаштирилади;
  • ўқитувчилар малака тоифаси учун тўланадиган устама ўртасидаги фарқ 2 баробарга оширилади;
  • эришган натижасига қараб, фидойи ва ташаббускор педагог кадрларнинг ойлигига 50 фоизгача устама тўлаш жорий этилади.

2023 йилда бунинг учун бюджетдан қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади. Шу билан бирга, профессионал таълим муассасалари педагоглари малакасини оширишда янги тизим яратилади. Университетлар ҳузуридаги малака ошириш факультетлари ўрнига ҳар бир вилоятда Профессионал тайёргарлик марказлари ташкил этилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш тизими бекор қилиниши ҳақида хабар қилинганди. Шунингдек, коллеж ва техникумларда ўқиш учун давлат грантлари ва эҳтиёжманд оила аъзолари учун субсидиялар кўпайтирилиши, Олий таълим вазирлигига икки ой муддатда 207 та техникум фаолиятини ўрганиб, самарасиз ишлаётган 70 та техникумни тугатишга топшириқ берилгани айтилган.

Bugun — LIVE