Жамият - 10:46 · 15.06.2022

Қозоғистонда ичида 31 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ёниб кетди

Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида 15 июнь куни ичида 31 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобусда ЙТҲ сабаб ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, ҳодиса соат 03:10 да Жамбул районидан ўтувчи Олмаота–Тошкент автомобиль йўлининг 545-километрида содир бўлган. Трикотаж маҳсулотлари ортилган юк машинасининг ёниши сабаб йўлда тирбандлик юзага келган. Соат 03:40 атрофида юк машинаси 2 та йўловчи ташиш автобус ва 1 та енгил автомобиль билан тўқнашув содир этган. Тўқнашув оқибатида автотранспорт воситаларида ёнғин келиб чиққан.

Автобусларнинг бирида 31 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган ва улардан 3 нафари ўрта даражада тан жароҳати билан Тараз шаҳар тиббиёт масканига олиб борилган. Ҳозирда фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳолат юзасидан Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан маълумот алмашинуви давом этмоқда.

Аввалроқ Қозоғистонда ичида ўзбекистонликлар бўлган автобус ЙТҲга учраганди. Шунингдек, автобус ағдарилиши оқибатида 2 ўзбекистонлик ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берилганди.

Bugun — LIVE