Жамият - 12:00 · 15.06.2022

Россиянинг «Северсталь» компаниясига қўлланган санкциянинг Ўзбекистонга қандай таъсири бор?

АҚШ Россиянинг энг йирик металлургия корпорацияси «Северсталь»га қарши янги санкциялар пакетини қабул қилди. 2021 йил якунларига кўра, компания 11,65 миллион тонна пўлат ишлаб чиқарган, унинг 47 фоизи ташқи бозорларга тўғри келади.

Қайд этилишича, чекловлар киритилганидан кейин экспорт шартнома мажбуриятларини бажариш, маҳсулот етказиб бериш ва халқаро тўловларни амалга ошириш анча қийинлашган. Экспертларнинг прогнозларига кўра, санкциялар компаниянинг деярли барча экспорт алоқаларига билвосита таъсир кўрсатади. Компания Eвропа Иттифоқи ва АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилгани сабаб чет элдаги контрагентлар унинг маҳсулотларини сотиб олишдан бош тортиши мумкин. Учинчи давлатлар орқали экспорт қилиш ҳам қийинлашади, потенциал харидорлар иккиламчи санкциялар таҳдиди остида қолишади.

«Санкциялар металлургия компанияларини экспорт оқимини Европа премиум бозоридан Туркия ва Осиё мамлакатларига, биринчи навбатда, Хитойга йўналтиришга мажбур қилмоқда. Натижада илгари экспортнинг 10–20 фоизи Осиё ҳиссасига тўғри келган бўлса, энди унинг улуши 50 фоиздан ошиб кетди. Шу билан бирга, вазиятдан фойдаланиб, осиёлик ва туркиялик мижозлар катта чегирмаларни талаб қилади. Бу домен усулида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспорт нархи доллар курси 63,5 рублга тенг бўлган тақдирда унинг таннархига деярли тенг ёки ундан ҳам паст бўлишига олиб келади», – дейди «Русская сталь» уюшмаси ижрочи директори Алексей Центюрин.

Бундан ташқари, «Северсталь» муаммолари бошқа мамлакатлардан импорт қилувчи компаниялар учун ҳам муаммога айланди. Улар танлов қилишига тўғри келмоқда: Россия корпорацияси билан ишлашни давом эттириш ёки россиялик етказиб берувчиларнинг ўрнини босувчи бошқа воситани излаш, логистика ва хомашё нархини ошириш. Мазкур чекловларга тушиб қолиш ва SWIFT тизимидан узилиш хавфи «Северсталь» билан ҳамкорлик қилиш ва банкларнинг молиявий операцияларини мураккаблаштиради. «Жабрланувчи» томонлар рўйхатига Европа Иттифоқи, Шимолий Америка, МДҲ мамлакатлари ва Марказий Осиёдаги харидорлар киради. Айниқса, рўйхатнинг охирги иккитаси учун рус пўлатини рад қилиш, айниқса, оғриқли бўлиши мумкин.

«Марказий Осиё ҳар доим биз учун алоҳида эътибор зонасидаги минтақа бўлиб келган. Пўлат қуйиш ва прокат қувватлари мавжудлиги туфайли биз бозорда энг яхши ишлаб чиқариш таннархини тақдим этамиз. Бунинг натижасида биз мижозларимизга энг рақобатбардош нархлар, юқори ишлаб чиқариш тезлиги, етказиб бериш интизоми ва маҳсулот сифатини таклиф қила оламиз», — дейди компания экспорт савдоси бўлими бошлиғи Виктор Никифоров.

Агар 2020 йилгача «Северсталь» МДҲ давлатлари, жумладан, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга йилига 350–400 минг тонна прокат етказиб берган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткични ярим миллионга олиб чиқиш режалаштирилганди. Tashkent City бизнес маркази, Ўзбекистондаги осма кўприк, Тожикистондаги Роғун ГЭСи, Қирғизистон узумзорларидаги ишкомлар, Озарбайжондаги нефт платформалари энг йирик лойиҳалардир.

Етказиб беришнинг катта ҳажми Ўзбекистондаги энг йирик UzAuto Motors автомобиль концерни улушига тўғри келади. Бугунги кунда «Северсталь» машиналар ишлаб чиқариш учун асосий металл етказиб берувчи ҳисобланади. Бироқ, компания санкциялар рўйхатига киритилганидан сўнг, ўзаро манфаатли ҳамкорликка қарамай, GM (АҚШ) билан алянс доирасида фаолият юритаётган UzAuto Motors компанияси сиёсати ўзгариши керак. Автомобиль ишлаб чиқарувчисига энг яхши муқобил вариант Осиё мамлакатлари етказиб берувчиларидир.

Аммо бу хомашёнинг ўзи ва унинг логистикасига таъсир қилади, албатта бошқалар ишлаб чиқарган пўлатга ўтиш унинг нархи тахминан, 42 фоизга ошишига олиб келади. Пўлат етказиб берувчининг ўзгариши табиийки, уни етказиб бериш муддатига ҳам таъсир қилади. Бироқ «UzAuto Motors» ҳар қандай ҳолатда ҳам иккиламчи санкциялар хавфи туфайли бу тақиқни четлаб ўта олмайди.

Bugun — LIVE