Жамият - 14:51 · 15.06.2022

Шавкат Мирзиёев камбағалликни 2 бараварга қисқартириш йўли ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёев раислигида 15 июнь куни аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг айтишича, ҳозирги кунда тўқимачилик, кончилик, электротехника, кимё ва бошқа саноат тармоқларида, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва сервис, қурилиш, тадбиркорлик соҳаларида катта ўзгаришлар қилинмоқда.

«Мисол учун, 2022 йилнинг ўзида 16 миллиард долларлик 9 мингдан зиёд йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилиб, уларга 300 мингга яқин малакали ишчилар керак бўлади. Камбағалликни 2 бараварга қисқартириш бўйича марраларга ҳам одамларга фақат ва фақат замонавий касблар бериш орқали эриша оламиз», — деди Президент йиғилиш аввалида.

Сўнгги 3 йилда «Ишга марҳамат» мономарказлари ташкил қилиниб, одамларни касбга ўргатиш бошлангани, лекин бу тизим 5–10 фоиз ишсизларни қамраб олиши таъкидланди. 2022 йил республика бўйича 555 минг нафар ёшлар меҳнат бозорига кириб келиши ҳақида маълумот берилди.

Уларни замонавий касбларга ўргатиш, муносиб иш билан таъминлаш масалалари барча даражадаги ҳокимлар, олийгоҳ ректорлари, коллеж ва техникум директорларини ҳам ўйлантириши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Аввалроқ Жаҳон банки камбағалликни қисқартиришда Ўзбекистонга қандай ёрдам бериши маълум қилинганди. Шунингдек, Бухорода «Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форуми» бўлиб ўтган.

Bugun — LIVE