Жамият, Тошкент ш. - 14:17 · 15.06.2022

Тошкент шаҳри Ўзбекистонда энг коррупциялашган ҳудуд деб топилди

Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши 14 июнь куни коррупцион ҳолатлар юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Антикоррупция агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Антикоррупция агентлиги

Қайд этилишича, йиғилишида банк тизимида учраётган коррупцион ҳолатлар, шунингдек, соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокама қилинган. Таъкидланишича, биргина Тошкент шаҳрида 2021 йилда банклар ва уларнинг филиалларида фаолият юритган 12 нафар шахсга нисбатан 10 та жиноят иши судга юборилган.

Фото: Антикоррупция агентлиги

Пойтахтда 2020 йил давомида 59 та коррупцион жиноят содир этилган бўлса, 2021 йилда бу рақам 184 тани ташкил этган. Тошкент шаҳрида содир этилган коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2021 йилда 82 миллиард 638 миллион сўмлик моддий зарар етказилган.

Фото: Антикоррупция агентлиги

Шунингдек, пойтахт коррупцияга оид жиноятлар содир қилиш кўрсаткичи бўйича февраль–апрель ойларида республикада энг юқори ўринларда тургани, хусусан, февраль ойида 37 та, март ойида 50 та, апрель ойида эса 69 та коррпцияга оид жиноят ишлари судларга юборилган.

Аввалроқ давлат харидларини амалга оширишда 200 га яқин манфааатлар тўқнашувига йўл қўйилганди. Энг кўп манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳудуд бу — Навоий вилояти ҳокимлиги бўлганди.

Bugun — LIVE