Жамият - 11:51 · 15.06.2022

Тошкентда икки қизни фоҳишалик учун Туркия юбормоқчи бўлган аёл ушланди — видео

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорликда Тошкент ва Сирдарё вилоятларида одам савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, ДХХ ходимлари томонидан Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида яшовчи 1978 йилда туғилган аёлнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Қайд этилишича, у Янгийўл туманида яшовчи 23 ёшли ва хоразмлик 20 ёшли икки нафар қизни Тошкент–Истанбул авиайўналиши бўйича юбормоқчи бўлган вақтида Тошкент халқаро аэропортида ушланди.

Шунингдек, 1996 йилда туғилган гулистонлик аёл ўзининг 2021 йил 3 июнь куни туғилган қизини Боёвут туманида яшовчи аёлга 15 минг долларга сотмоқчи бўлган. ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорлигидаги тадбирда аёл ушланди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда қизларни фоҳишалик учун Туркияга юбормоқчи бўлган аёл ушланганди. У фуқароларга мижоз ва кўп пул топишга ёрдамлашишини айтган.

Bugun — LIVE