Жамият, Сурхондарё - 19:11 · 15.06.2022

Тўйда келинни урган куёвнинг кимлиги маълум бўлди

Бош прокуратура матбуот котиби Ўзбекистонда бўлгани айтилган, тўйда куёв келинни ургани акс этган видео бўйича маълумот берди. Унга кўра, воқеа ростан ҳам Сурхондарё вилоятида содир бўлган.

Кадр: Telegram

Аниқланишича, 6 июнь куни Узун туманида бўлиб ўтган никоҳ тўйи маросимида келин ва куёвга ўралган ҳолда ширинлик берилиб, уни ким биринчи бўлиб очиш (сюрприз ўйини) ўйини ўтказилган.

Ўйин давомида келин биринчи бўлиб ширинликни очгани сабабли бу ҳолатдан куёвнинг жаҳли чиқиб, келинни бир маротаба урган. Мазкур ҳолат юзасидан Узун тумани ИИБ томонидан фуқаро Х.Р. (қуёв)га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бундан ташқари, куёв ва келин ҳамда уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида 2 ўқувчининг 58 ёшли эркакни ургани бўйича жиноят иши қўзғатилганди. Шунингдек, Олмалиқда раҳбар аёлни ургани айтилган видеони ўчиришга уриниш бўлган.

Bugun — LIVE